Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси қурилиши бошланди

Иқтисодиёт 31 Октябрь 2016 5420
Фото: «Газета.uz»

Ўтган ҳафта Навоий иссиқлик электр станциясида 450 МВт ли иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича халқаро шартнома имзоланди. Қурилма фойдаланишга киритилгандан кейин ҳар йили қўшимча 3,28 млрд кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда. 

"Ўзбекэнерго" АЖнинг лойиҳани қуриш буюртмасини Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems компаниялари бажармоқда. Лойиҳани молиялаштириш Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси кредит маблағлари ва "Ўзбекэнерго"нинг шахсий маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Яқин орада бош пудратчи қурилиш майдончасини жиҳозлаш бўйича ишлар: ёрдамчи хоналар, офис, омборлар, қурувчилар учун объектларни қуришни, қурилиш майдончасини тайёрлаш, коммуникацияларни ўтказишни бошлайди. Жадвал бўйича қурилмани 2019 йилнинг 4-чорагида фойдаланишга киритиш режалаштирилган.  

Станциядаги 478 МВтли биринчи буғ-газ қурилмаси 2012 йил охирида ишга туширилганди. Бу Ўзбекистон энергетика тизимида амалга оширилган биринчи йирик халқаро лойиҳа бўлган. Станция модернизациялангунча 1 кВт электр энергия ишлаб чиқариш учун 400 грамм газ сарфлаган, ҳозирда бу кўрсаткич 220-235 граммни ташкил қилади. Бунинг эвазига 2014-2015 йилларда 700 млн куб метр газ тежаб қолинган.

Чорак аср аввал станция бор-йўғи 25 минг кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарган, ҳозирда эса унинг қуввати 9 млрд кВт-соатни ташкил қилади.

Кўпроқ янгиликлар