ОАВ: ФҚБ Клинтоннинг мактубларини ўрганишга рухсат олди

Жаҳон 31 Октябрь 2016 4139
© AFP 2016/ Brendan Smialowski

АҚШ адлия вазирлиги Федерал қидирув бюросига мамлакат президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтоннинг мактубларини таҳлил қилишга рухсат берди. Янги мактублар унинг яқин ёрдамчиси Ҳума Абединнинг турмуш ўртоғи компьютерида аниқланган эди, дея хабар қилмоқда ABC News

Аввалроқ, Клинтон мактубларини таҳлил қилиш борасида мазкур икки бошқарма музокаралар олиб бораётгани хусусида CNN телеканали хабар қилган эди.

Вазиятнинг чигаллашувига мактублар топилган компьютер расман Абединнинг эри – Энтони Винерга тегишли экани сабаб бўлмоқда. Клинтонга тегишли янги мактублар айнан Винерга қарши жиноий иш доирасида, яъни бошқа тергов жараёнида аниқланган. 

28 октябрь куни ФҚБ директори Жеймс Коми Клинтоннинг янги электрон мактублари аниқланиши муносабати билан қўшимча тергов ишлари олиб боришга кўрсатма берган эди. Бу эса, Клинтон сайловолди кампаниясига салбий таъсир кўрсатди. Бундан аввал, ФҚБ Клинтонни давлат котиби бўлган вақтда, хусусий электрон почта хизматидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортмаган эди. 

ФҚБ директорининг қарори, бошқарма вакилларининг сўзларига қараганда, адлия вазирлигида мавжуд бўлган сайловлар олдидан унинг натижасига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатдан тийилиб туриш қоидасига зиддир. Шунга кўра, адлия вазирлиги вакилининг ОАВга айтишича, ФҚБ ҳам, вазирлик ҳам Клинтон мактубларида махфий маълумотлар бор-йўқлигини ҳозирча билмайди. 

Комининг ёрдамчиларига кўра, Жеймс танқидга учрашини билган ва бунга тайёр бўлган. Коми ходимларига йўллаган мактубида изоҳ беришича, у "шундай йўл тутиши кераклигини ҳис қилган".
 

Кўпроқ янгиликлар