«Арсенал» ва «ПСЖ» навбатдаги йирик ҳисобли ғалабаларга тайёрланмоқда, «Бешиктош» «Наполи»га қарши сафар ўйинидаги муваффақиятни ўз уйида ҳам такрорлаши мумкин, Киевнинг «Динамо»си Лиссабонда ҳаёт-мамот ўйинини ўтказади, Арьен Роббен илк марта голландларга қарши ўйнайди, «Манчестер Сити» эса Барселонадаги шармандали натижа учун жавоб қайтаришга уриниб кўради.

A гуруҳи
Бу гуруҳда 4-тур ўйинларидан кейин барчаси ойдинлашиши мумкин. Квартет етакчилари — Лондоннинг «Арсенал»и ҳамда французларнинг «Пари Сен-Жермен» жамоаси бу турда сафар қилишади — инглизлар Болгарияда «Лудогорец» билан, парижликлар Швейцарияда «Базель» билан ўйнайди .

Учинчи турни ўз майдонларида ўтказган грандлар йирик ҳисобларда ғалабалар қайд этишганди. Месут Ўзилнинг ҳет-трики «Арсенал»га «Лудогорец»ни 6:0 ҳисобида енгиш имконини берганди, «ПСЖ» эса «Базель» билан учрашувда Эдинсон Каванининг 3 голи эвазига ғалаба қозонганди.

«Арсенал» сафар учрашувига бир қатор етакчиларини олиб кетмаяпти. Арсен Венгер Эктор Бельерин, Начо Монреаль, Санти Касорла ва Тео Уолкоттга дам беришга қарор қилган. «Канонирлар» ҳафта охирида «Тоттенҳэм»га қарши дерби учрашувини ўтказади.

Айни вақтда гуруҳда «Арсенал» ва«ПСЖ» 7 очкодан тўплаган, «Базель» ва «Лудогорец» биттадан очкога эга.

B гуруҳи
Бугун бошқа ўйинлардан эртароқ бўлиб ўтадиган учрашув Туркияда ўтказилади. «Бешиктош» Тошкент вақти билан соат 22.45да Италиянинг  «Наполи» клубига қарши учрашувини бошлайди. Икки соат ўтиб гуруҳнинг иккинчи учрашуви «Бенфика» ва Киевнинг «Динамо» жамоалари ўртасида бошланади.

Истанбулликлар клуби 3-турда Неаполга сафар қилган ҳамда Венсан Абубакарнинг охирги дақиқада қайд этган дубли эвазига 3:2 ҳисобида ғалабага эришганди.

«Наполи»нинг ҳужумдаги вариантлари хилма-хил. Лекин биз ҳам ҳимояга ётмоқчи эмасмиз, биз уларни ўз дарвозамиздан узоқроқда тутиб туришга ҳаракат қиламиз», — дея жавоб учрашуви ҳам ёрқинроқ кечишига ваъда қилган туркияликлар жамоаси бош мураббийи Шенол Гунеш.

Турклар жамоаси таркиб билан боғлиқ қийин муаммоларни бошдан кечирмоқда: Жанер Эркин ва Андерсон Талиска жиддий жароҳатлар туфайли узоқ вақтга сафдан чиққан, Ўғузхон Озёқуб, Нажиб Уйсал, Гўкхон Инлер ва Атиба Хатчинсон ҳам «ўйиндан ташқарида ҳолатда» . «Наполи»да эса жароҳат туфайли ҳимоячи Рауль Альбиоль ва ҳужумчи Аркадиуш Милик майдонга тушмайди.

Киевнинг «Динамо» жамоаси олдида қийин вазифа турибди: агар Сергей Ребров жамоаси кейинги босқичга чиқмоқчи бўлса, бугунги учрашувда  «Бенфика»дан аввалги турдаги 0:2 ҳисобидаги мағлубият учун қасос олиниши керак бўлади.

Динамочилар Лиссабонга очко олиш учун йўл олишган, лекин «Бенфика» ўз майдонида ҳамиша ишонч билан ўйнайди, бу жамоа охирги марта ўз уйида шу йилнинг февралида «Порту»га 1:2 ҳисобида ютқазганди.

В гуруҳида 3 турдан кейин «Наполи» 6 очко билан етакчилик қилмоқда, «Бешиктош»да — 5, «Бенфика»да — 4, «Динамо»да — 1 очко бор.

C гуруҳи
Чемпионлар лигасида куннинг марказий учрашуви «Манчестер Сити» ва «Барселона» баҳси бўлиши кутилмоқда. Тошкент вақти билан соат 00:45да бу баҳсга параллел тарзда Германияда яна бир учрашув бошланади. Менхенгладбахнинг «Боруссия» жамоаси «Селтик»ни қабул қилади.

2 ҳафта олдин «Камп Ноу»да каталонияликлар жамоаси собиқ бош мураббийлари Пеп Гвардиоланинг «Сити»си дарвозасига жавобсиз 4 гол йўллаганди. Бугунги учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжумани вақтида мураббийдан, ўтган ўйин натижаси учун қасос олишга тайёргарлик кўрилгани ҳақида сўрашди. Мураббий қисқагина «Йўқ» жавобини берди.

С гуруҳида 3 турдан кейин жамоалар қуйидаги тартибда жойлашган: «Барселона» — 9 очко, «Манчестер Сити» — 4, «Боруссия» — 3, «Селтик» — 1.

D гуруҳи
«Атлетико» – «Ростов» учрашуви россияликлар учун кейинги босқичга чиқишдаги сўнгги имконият бўлиши мумкин. Жамоа «Висенте Кальдерон»да мўъжиза кўрсатишга тайёр. Шунингдек, ПСВ ўз майдонида «Бавария»дан очок олиб, жасорат кўрсатишга чоғланган.

Ремко Пасвеер 32 ёшида Чемпионлар лигасида дебют қилади. Бунга эйндховенликларнинг асосий дарвозабони Йерун Зут олган жароҳат сабаб бўлади.

Мюнхенликлар 3-тур учрашувида ПСВни 4:1 ҳисобида енгганди, бугун ҳам нидерландларнинг мағлубияти қайд этилса, бу жамоа турнирни гуруҳ босқичида тарк этиши аниқ бўлади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати  «Бавария» аъзоси бўлган нидерландиялик футболчи Арьен Роббен бугун ўз футболчилик фаолиятида илк марта нидерландларга қарши ўйнайди.

«Мен Эйндховенга қарши ўйин олдидан ўзимни уйга қайтгандек ҳис қилмоқдаман. Биз ғалаба қозонмоқчимиз, бу гуруҳда биринчи ўринни эгаллашимиз керак», — деган у.

D гуруҳида 3 тур ўйинларидан кейин «Атлетико» 9 очко билан етакчи, «Бавария»да — 6, «Ростов» ва ПСВда — 1тадан очко бор.