Жума куни тонгида Туркиянинг жануби-шарқидаги Диёрбакир шаҳрида жойлашган Боғлар туманида кучли портлаш рўй бериши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлиб, 30дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар қилди.

Манба маълумотига кўра, мина ўрнатилган автомобиль полиция маҳкамасига келиб урилган. Бу ерга бироз олдинроқ Халқлар демократияси партиясининг ҳибсга олинган мухолифатчи курдпараст депутатлари келтирилганди.

Айни вақтда полиция ходимлари воқеа жойида ҳодиса тафсилотларини ўрганишмоқда.

Ҳибсга олиш ишлари бир вақтнинг ўзида Анқара, Диёрбакир ва бошқа шаҳарларда олиб борилган.

Reuters агентлигининг охирги маълумотларига кўра, парламентнинг 11 депутати қўлга олинган, қўлга олиниши керак бўлган яна 2 депутат хорижда.

Туркия парламенти спикери ўринбосари Первин Булдан Халқлар демократияси партиясининг мухолиф курдпараст депутатлари билан бирга ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни рад қилди.