Дональд Трамп тарафдорлари президентлик сайловларидаги ғалабани нишонлаш учун Оқ уй олдига тўпланди. Маросимда юзлаб кишилар иштирок этган.

Уларнинг баъзиларида вино бутилкалари бўлган, кўчада ўрнатилган колонкаларда рок оҳанглари янграй бошлаган.

"Бу чинакамига янги кун!", дея ҳайқирган ташриф буюрганлардан бири. Яна кимдир куйлаган, баъзилар Трампнинг дастурини муҳокама этишган. Асосий эътибор мусулмонларни мамлакатга киритишни таъқиқлашга қаратилган.

"Менга унинг савдо ҳамда муҳожирлар масаласи бўйича ғоялари ёқди. Бу мамлакат ҳозирда деярли ҳимоясиз қолган", - деган ёш йигитлардан бири ТАСС мухбирига. Митингнинг бошқа бир иштирокчиси, Майк исмли йигит шундай дейди: "Трамп - ғолиб, бизга ҳозир айнан шу керак эди".

"Ахир Обама мамлакатимизни ёмон кўрарди. Унинг дастурларидан ҳеч бири ишламади. Айниқса, "Обамакэр" (соғлиқни сақлаш соҳасида - таҳр. ТАСС). Мен шу вақтгача унинг давридаги каби тарқоқликни кўрмагандим", - дея қўшимча қилган у.

Митинг тинч ўтган. Қайсидир паллада 2 йигит жиқиллашиб қолган, аммо атрофдаги кишилар уларни ажратган. Бу муштлашувнинг аниқ сабаби айтилмади, кўп эҳтимол билан улардан бири Трампга қарши бўлган.

"Одамлар овоз беришди, улар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишди", - дея бақирган республикачиларнинг тарафдорларидан бири.