Акмал Эшонқулов заргарлик дўконида уста бўлиб ишларди. Бир куни унинг ёнига таниши Малоҳат Дадабоева келди ва тақинчоғини таъмирлатди. Шунда Акмалнинг фикри бузилди. Аёлга эски тақинчоқларинининг ўрнига, замонавий тақинчоқлар ясаб бериши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Аёл унинг сўзларига ишонди. Ўзининг бир жуфт тилла сирғасини ва узугини Акмалда қолдирди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Акмал мижозига оддий сариқ металлдан чиройли қилиб ясалган тақинчоқни тутқазди. Малоҳат буни сезмади. Акмал эса тилла тақинчоқларни яхшигина пулга сотиб юборди.

Бир неча ойдан кейин Малоҳат унинг олдига яна келди ва эски тилла узукни унга тутқазиб, замонавий тақинчоққа айлантириб беришини илтимос қилди. Акмал бу сафар ҳам металлдан узук ясаб, Малоҳатнинг қўлига тутқазиб юборди.
Малоҳат бу қинғирликларни сезиб қолди. Акмалга учради. Лекин у айбини тан олмади. Жабрланган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этди.
Акмал аёлга етказилган зарарни қоплаб берди. Суд унга нисбатан тегишли жазо тайинлади.