Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Curtin University” (Австралия) вакиллари икки олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, жумладан, физика соҳасида ҳамкорликда изланишлар ўтказиш масаласини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Curtin University”нинг Физика ва астрономия бўйича Департаменти раҳбари Игорь Брей ҳамда “Curtin University” профессори Алишер Қодиров ўтган ҳафтада IUTга ташриф буюришган эди. Австралия олий ўқув юртининг делегацияси “Фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги йўналиши: муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар” номли халқаро симпозиумда қатнашиш учун Ўзбекистонга келишди.

Ташриф давомида IUT вакиллари келажакдаги АКТ тармоғининг етакчиларини тайёрлайдиган университетнинг тақдимотини ўтказишди. Меҳмонлар талабалар ҳамда ўқитувчи-профессорлар таркиби учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

Икки олий ўқув юрти вакиллари физика соҳасидаги лойиҳалар ва ҳамкорликда изланишлар ўтказиш борасидаги масалаларни кўриб чиқишди.
Томонлар IUT ва “Curtin University” ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолаш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида келишиб олдилар.

“Curtin University” Австралиянинг етакчи университетларидан бири бўлиб, ҳозирда олий ўқув юрти Австралиянинг уч шаҳрида, Сингапур ва Малайзия давлатларида ҳам ўз филиалларига эга. Университетда бугунги кунда 60 минг нафар талабалар ахборот технологиялари, гуманитар, тиббиёт ва бошқа йўналишларда таълим олишмоқда.