АҚШда шахсий бункерлар қуриш  урф бўлган. Кўпчилик дўконлардан эҳтиёт шарт маржумак, консервалар ва керосинни ортиғи билан харид қилиб, олиб қўймоқда ҳамда табиий офатлар, техноген фалокат ёки зомби-апокалипсиси вақтида қўним топиш учун ҳақиқий бункерларни тайёрламоқда. Одатга кўра, бундай бункерлар бир ёки икки  оилага мўлжаллаган бўлади, бироқ америкаликлар буни зерикарли, деб ҳисоблашади. Яхшиси, ҳимояланган ер ости қишлоғини барпо қилган қизиқроқ - унда катта жамоа ва бир неча минг киши яшайдиган бўлади. 

Техасда бундай ғояни амалга оширишга жиддий қарашмоқда. Бу мураккаб, лекин кенг кўламли ва ноодатий лойиҳани инвестицияловчи гуруҳлар режалари ҳақида dailymail.co.uk'да маълумот берилди. 

Лойиҳа Trident Lakes деб номланади, уни Даллас яқинида қуришмоқчи. Унга 300 миллион АҚШ доллари сарфлаш режалаштирилган. Trident Lakes'да 400та хонадон бўлади, уларнинг нархи баланд бўлиши аниқ. Фалокат келганда нархга қараб ўтирилмайди, ахир. Ҳар қандай вазиятга тайёр турган яхши, шу боис қишлоқ иншоотларининг деярли барчаси ер остида жойлашган бўлади. Ташқари эса бир жуфт кўл, гольф майдонлари, парк, ранчо ва бошқа ёқимли бонуслар билан "безатилади".

Ер остида ҳам тоза ҳаводан нафас олиш ва электр энергиясидан фойдаланиш мумкин - бу ерда истеъмол сувининг шахсий манбалари, сув ва ҳавони тозалаш тизими, электр станциялари ва кўплаб бошқа нарсалар мавжуд бўлади. Дарвоқе, бу ерда яшовчи барча аҳолининг ДНК банки ҳам қурилади.