WhatsApp мессенжери iOS, Android ва Windows платформаларида видеоқўнғироқлар функциясини жорий қилмоқда. Reuters агентлигининг хабар беришича, ишлаб чиқарувчилар видеоқўнғироқлар учун шифрлаш технологиясини қўллашди. Хабарда шундай дейилади:

"Яқин кунларда WhatsApp'нинг бир миллиарддан ортиқ фойдаланувчилари Android, iPhone ва Windows Phone қурилмалар орқали видеоқўнғироқларни амалга оширишлари мумкин бўлади. Биз ушбу янги функцияни қўшяпмиз, чунки матн ва овозли ёзувнинг ўзи етарли бўлмаётганини яхши биламиз. Севимли набирасининг илк қадамлари, хорижда таълим олаётган фарзандининг кечинмалари - бундай муҳим воқеаларни кузатиш имконини ҳеч нарса боса олмайди. Биз бу функцияларни  нафақат қимматбаҳо телефонларни сотиб олишга қурби етадиганлар ёки уяли алоқа кўпроқ ривожланган мамлакатлар учун, балки ҳамма учун бирдек жорий қилмоқчимиз".

Янги функциядан фойдаланиш учун чат ойнасининг ўнг томон юқори қисмидаги камера тасвири туширилган белгини босиш керак. Мулоқот пайтида суҳбатдошлар олд ва орқа камераларни фаоллаштиришлари мумкин бўлади. 

WhatsApp яратувчилари яна бошқа янгиликларни ҳам тайёрлашмоқда: хусусан, янги бета-версияда икки омилли аутен­ти­фи­ка­ция пайдо бўлди.