АҚШнинг Nuance Industries тўқимачилик компанияси Zara брендини плагиатда (кўчирмакашлик) айблаб, унинг устидан судга шикоят аризаси берди. Бу ҳақда FashionNetwork хабар бермоқда. Компания вакилларининг айтишича, Zara бренди коллекцияларидан бирида қўлланган принт (тасвир) муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади.

Nuance Industries нафақат зиённи ундирмоқчи, балки Zara ушбу тасвир билан сотган кийим-кечакдан тушган даромадни ҳам олмоқчи.

Zara испан кийим-кечак маркаси бўлиб, Inditex холдинги таркибига киради.

Испан маркаси биринчи марта плагиатда айбланмаяпти. 2016 йил июлида калифорниялик рассом Тьюсдей Бэссен Zara’ни ўзининг дизайн элементларидан фойдаланганликда айблаганди.

"Мен бу ҳақда узоқ вақт индамадим. @zara бутун ўтган йил менинг суратларимдан кўчирмакашлик қилди. Менинг адвокатим Zara билан боғланганда, у ерда дангалчасига менда ҳеч қандай имконият йўқлигини, чунки мен мустақил рассом, улар эса катта корпорация эканлиги айтилган", деб ёзган Бэссен инстаграмда.