Сан-францисколик стартапчилар "ақлли уй"ни бошқаришга имкон берувчи Sevenhugs универсал пультини яратишди. Ихчам гаджет биринчи инвесторларига 99 долларга тушди. Пульт яратувчилари Kickstarter сайтида пул йиғиш кампаниясининг тугашига 27 кун қолганда керак бўлгандан 11 марта кўпроқ, яъни 565 минг доллар тўплай олишди.   

Бугунги кунда смартфонни универсал пультга айлантирувчи узаткични сотиб олиш мумкин, бироқ бу ҳар доим ҳам қулай эмас. Sevenhugs эса бу борада қизиқроқ ишланган бўлиб, телевизор (шу жумладан, турли компанияларнинг "ақлли" моделларини), телеприставкалар (жумладан, Apple TV), плейерлар, акустик тизимлар, ёруғлик қурилмалари ва бошқа жиҳозларни бошқаришга имкон беради.

Сиз пультни керакли қурилмага йўналтирганингизда у автоматик равишда аниқланади. Бунда пультнинг IPS-экрани фаоллашиб, унда фаол буйруқлар пайдо бўлади. Телевизор учун бу буйруқлар каналлар тўплами ва овозни созлаш, ёруғланиш учун қурилмалар тўплами ва уларнинг ёруғлик даражаси ва бошқалар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, пульт об-ҳаво ва Uber такси-хизмати орқали чақиртирилган такси келгани ҳақида маълумот бера олади.

Пульт ёрдамида нафақат битта хонадаги қурилмаларни, балки бошқа хоналардаги техникани ҳам бошқариш мумкин. Бунинг учун шу хоналарда кириш нуқталари ўрнатиб, уларни улаш керак бўлади. Пульт Wi-Fi, Bluetooth ва инфрақизил канал орқали буйруқларни узата олади. 

Қурилма яратувчиларининг айтишича, пульт 25 мингдан кўпроқ қурилмани бошқара олади. У жуда ихчам ва енгил ишланган, агар йўқолиб қолса ҳам уни пульт базасида жойлашган махсус тугма орқали тез топиб олиш мумкин.