Дунёнинг энг ночор давлатларидан бири бўлган Гаитида 20 ноябрда президентлик ва парламент сайловлари бошланди.

Telesur каналининг маълум қилишича, сайлов участкалари 6 млн гаитилик сайловларда иштирок этиши учун эрта тонгдан бутун мамлакат бўйлаб очилган. 

Бундан аввал Гаити ҳукумати 19 ноябрь кечки пайтдан бошлаб 20 ноябрь бутун кун сайловлар тугагунча Доминикан республикаси билан чегаралар ёпилишини эълон қилган. Бу сайлов жараёни хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида амалга оширилган.  

Ҳаммаси бўлиб президент лавозимига 27 киши даъвогарлик қилмоқда. Сайловларда ғалаба қилишга Тараққиёт ва Гаити эмансипацияси учун муқобил лига номзоди Жюд Селестан, "Тет Кале" партиясидан Жовенель Моиз, "Питит Дессалан" сиёсий платформасидан Жан-Шарль Моиз ва "Фанми лаваляс" партиясидан Мариз Нарсисс асосий даъвогарлар деб эътироф этилмоқда.

Гаитида 2015 йил октябрда сайловларнинг 1-тури бўлиб ўтганди, бироқ натижалар сайловолди курашининг нопок усулларидан фойдаланганлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинганди. Янги сайловлар жорий йилнинг 9 октябрига белгиланганди, бироқ мамлакатга ёпирилган "Мэтью" бўрони сабабли кечроқ муддатга қолдирилганди.

Агар номзодлардан ҳеч ким 50 фоиз ва яна битта овоз тўплай олмаса, 2017 йил 29 январда навбатдаги тур бўлиб ўтади.