Япония 2017 йил мартигача дунёдаги энг ихчам ракета-ташувчини фазога учирмоқчи. Бу ҳақда Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги маълум қилди. 

Ракета Ер орбитасига оғирлиги 3 кг ва бўйи 35 см лик TRICOM1 алоқа йўлдошини олиб чиқиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, сунъий йўлдошдан бир ойдан камроқ вақт фойдаланилади. Айни вақтда япониялик мутахассислар ракетани Утиноура космодромидан учириш олдидан унга охирги сайқал беришни амалга оширмоқдалар.

Янги уч босқичли ракетанинг узунлиги 10 метр, диаметри 50 см, оғирлиги 2,6 тоннани ташкил қилади. У Ер орбитасига 4 кг гача оғирликдаги йўлдошларни олиб чиқа олади. Умум фойдаланишда бўлган аккумулятор батареялари ва бошқа қисмлар ишлатилиши эвазига ракетани яратиш ва уни учириш нархини максимал даражада қисқартиришга муваффақ бўлинган. Умумий харажатлар 400 млн иендан (3,6 млн доллар) ошмайди.

Айни вақтда Япония ўз коинот дастурида асосан оғир ракета-ташувчи H2A’дан фойдаланади. Бу ракетанинг ҳар бир парвози 90 млн долларга айланади. Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги бу ракетадан 2023 йилга келиб воз кечмоқчи. Шу йилга келиб самаралироқ H-3 ракетаси яратилиши ўз ниҳоясига етиши керак.