Брюсселда Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва турдош масалалар бўйича “Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи” қуйи қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Адлия вазирининг ўринбосари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ва Евроиттифоқ томонидан Европа ташқи фаолият хизматининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўлинмаси бошлиғи раҳбарлигидаги делегация қатнашди.

Мажлис конструктив ва очиқлик руҳида ўтди ҳамда томонлар кенг доирадаги масалалар юзасидан фикр алмашдилар, шу жумладан, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Тенглик, ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланган ҳолда, инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида мулоқотлар бўлиб ўтди.

Томонлар, шунингдек, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик, чегараларни бошқариш, божхона ва суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва келгуси вазифаларига доир  масалаларни кўриб чиқдилар.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) каби халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш ва мониторинглар ўтказиш давом эттирилишининг муҳимлиги қайд этилди.

Европа Иттифоқи 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Президент сайловини мониторинг қилиш учун Ўзбекистонга ЕХҲТнинг тўлақонли кузатувчилар миссияси таклиф этилганини олқишлади. Мамлакатимизнинг тегишли қонунчиликни модернизация қилиш, масалан, суд тизимини ислоҳ қилиш, “Коррупцияга қарши курашиш тўгърисида”ги қонун лойиҳаси ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича чоралар кўриш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.

Мажлис якунида иккала томон ҳам ўзаро мулоқотлардан қониқиш ҳосил қилишганини изҳор этдилар. Мулоқотларнинг навбатдаги раунди 2017-йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

“Жаҳон” АА, Брюссел