АҚШнинг Пенсильвания штатидан муҳандис Дэниел Кэлгрин қуриб қолган кўл тубидан металл қидиргич ёрдамида iPhone 4 смартфони топиб олган. Смартфон лой тагида бир йилдан кўпроқ қолганига қарамасдан, ишчи ҳолатда бўлган. Бу ҳақда Buzzfeed News хабар бермоқда

Смартфон ер тагида 15 см чуқурликдан топилган. Эркак уни тозалаб, қуритиб, компьютерга улаганда, у ёқилиб ишга тушиб кетган.

"Бу смартфон мен ўша куни топган ягона нарса эди. Мен унинг рақамини кўриш учун уни ёқа олдим. Телефон эгаси у ҳозир менда эканлигини билади ва мен уни эгасига жўнатмоқчиман", деган Кэлгрин.

Смартфон эгаси Майкл Гантрум исмли шахс бўлиб чиққан. У телефонни 2015 йил март ойида муз устида балиқ овлаш вақтида кўлга тушириб юборган.

Гантрум аввал телефон соз ҳолатда эканлигига ишонмаган, бироқ унга экранни блоклашда чиқадиган сурат юборилганда у ўзининг iPhone’ини таниган.