SpaceX компанияси қиймати 112 миллион доллар бўлган уммон сув юзаси ва топографиясини зондлаб текшириш йўлдошини (SWOT) учириш учун NASA шартномасини қўлга киритди. Бу ҳақда ушбу ташкилот хабар берган. 

Шартномага кўра, парвоз 2021 йилнинг апрель ойида Калифорниядаги Ванденберг космодромидан Falcon 9 ракетасида амалга оширилади.

Компания вакиллари ҳам шартнома имзоланганини тасдиқлаб, NASA га «қўллаб-қувватлагани ва ишончи» учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

SWOT йўлдоши Ер суви юзасини зондлаб текшириш бўйича илк тадқиқотни ўтказиш мақсадида яратилмоқда. У уммонларни юқори кенгликда ўлчаб, сайёра сув ҳавзаларидаги ўзгаришларни кузатиб боради. Яратувчиларнинг таъкидлашича, ускуна уч ҳафталик муддатда камида икки маротаба сув юзаси (жумладан – кўллар, дарёлар, сув омборлари ва уммонлар)нинг 90 фоизини тадқиқ қилиш имконига эга. Олинган маълумотлар нафақат дунёдаги чучук сув даражасини мониторинг қилиш,  балки иқлим ўзгаришлари бўйича тахминларни яратишда ҳам кўмак беради. 

NASA’нинг хабар беришича, ускуна ташкилот томонидан Франция фазовий агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда. 
SpaceX хусусий компанияси NASA билан шартнома асосида Халқаро Фазо Станциясига Falcon 9 ракетасида юкларни етказиб беради. 

Эслатиб ўтамиз, сўнгги ярим йил давомида компанияда иккита омадсиз учириш амалга оширилди: 2015 йилнинг июнь ойида Falcon 9 ХФСга етказиб бериладиган юк билан парвозга чиқиш пайтида портлаб кетган бўлса, жорий йил сентябрида ракета учишдан аввалги тажриба давомида ёқилғи қуйиш вақтида портлади. Хабарларга кўра, декабрь ўрталарида SpaceX унинг парвозларини тиклашни режалаштирмоқда.