Япониянинг Toyota автогиганти эшикдаги носозлик туфайли бутун дунё бўйлаб 833 мингта Sienna минивэнини қайтариб олмоқда. Бу ҳақда USA Today нашри хабар бермоқда

Моделнинг 2011-2016 йилларда ишлаб чиқарилган нусхалари қайтариб олинмоқда. Аксарият машиналар (744 мингта) АҚШдан қайтарилиб олинмоқда. Уларда сурилиб чиқувчи эшикларда носозлик аниқланган, улар ҳаракат вақтида ўз-ўзидан очилиб кетиши мумкин. Бу эшикнинг сурилишига нимадир халақит берса ва эшик блокиратори дезактивацияланишига олиб келувчи электр занжиридаги ортиқча юкланиш пайдо бўлганда юз беради.

toyotaonthetrail.ca

Компанияда бу камчиликдан жабрланганлар бўлгани маълум қилинмаган. Компания бу нуқсонни бартараф этиш устида ишламоқда ва 2017 йилнинг январь ўрталарида носоз  бўлиши мумкин бўлган машиналар ҳайдовчиларига таъмирлаш ишларини ўтказиш учун хизмат кўрсатиш марказларига келиш ҳақида огоҳлантиришлар юбормоқчи. Таъмирлаш ишлари компания ҳисобидан қопланади.

Айтиш жоизки, ушбу модель бозордан биринчи марта қайтарилиб олиниши эмас. 2014 йилда компания машина тагида ўрнатилган захира ғилдираги маҳкамлигичидаги нуқсон туфайли 450 мингта машинани қайтариб олганди.