Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик ёш чарм қўлқоп усталари учун муваффақиятли бўлмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Ўзбекистонда спортни, жумладан, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган боксни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда. Мазкур спорт турини ёшлар ўртасида оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида ўзбек бокс мактаби вакиллари турли нуфузли мусобақалар – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришмоқда.   

Жорий йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик боксчилар эришган ютуқлар (3 олтин, 2 кумуш, 2 бронза) Ўзбекистоннинг улкан спорт салоҳиятидан далолатдир. 

Дунёнинг олтмишдан зиёд давлатидан кучли боксчилар иштирокида ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари тажриба ва маҳоратда, куч ва жасоратда ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқда.

Нуфузли мусобақада терма жамоанинг 4 нафар аъзоси чорак финал баҳсларини ўз фойдасига ҳал қилиб, ғолиблик учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Иқтидорли боксчи Отабек Холматов вазни 52 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Доминикан Республикаси вакили Луис Рейналдо Нунесга ҳеч қандай имконият қолдирмай, ярим финалга чиқди.

Шунқор Абдурасулов вазни 56 килогаммгача бўлган боксчилар ўртасидаги чорак финал беллашувида хитойлик Жианминг Ценгни мағлубиятга учратди.

Билолбек Мирзараҳимов вазни 60 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида россиялик рақиби Беслан Ҳамзаевни доғда қолдириб, ярим финал йўлланмасига эга бўлди.

Шоҳрўз Раҳимов вазни 91 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги чорак финал жангида англиялик Льюис Виллямсни мағлуб этди.