Кеча, 24 ноябрь куни Англия футболининг буюк футболчиларидан бири, «Ливерпуль» қаҳрамони Стивен Жеррард бутсаларини «михга илганини» маълум қилди. 19 йиллик профессионал фаолияти давомида жуда кўплаб мухлисларнинг ёқимтойига айланган футболчи мураббийлик фаолиятини бошлашни ният қилган. Tribuna.Uz «Ливерпуль»нинг узоқ йиллар давомидаги сардорининг футболдаги энг ёрқин лаҳзаларини эслаб ўтади.

«Ҳиллсборо»дан қолган «чандиқ»
1989 йилда содир бўлган «Ҳиллсборо»даги даҳшатли трагедияни «Ливерпуль» сардори қалбида алоҳида оғриқ билан ёдга олади. Ўшанда тиқилинчда ҳалок бўлган 96 нафар «Ливерпуль» мухлислари орасида Жеррарднинг 10 ёшли амакиваччаси Жон-Пол ҳам бор эди. Стиви ўзининг «Менинг тарихим» номли автобиографик китобида мазкур воқеа унга ҳалигача тинчлик бермаслигини ва юрагини яралаганини тан олганди. Жеррард биринчи марта бундай ҳиссиётни «Ҳиллсборо»га бағишлаб ташкил қилинган тадбирларнинг бирида ҳис қилганди.

«Челси»? «Манчестер Юнайтед»? Кечирасиз
Стивен Жеррард 8 йил давомида «Ливерпуль» академияси тизимида тарбия топади, аммо 14 ёшга тўлганида «МЮ» кўригида бўлади. Мақсад — ливерпулликлар раҳбариятини шартнома тузишга мажбурлаш. 2004 йилда эса Стиви Жи «Челси»дан таклиф олади — у ерга Жеррард ўз китобида дунёнинг энг кучли мураббийи дея таъриф берган Жозе Моуриньонинг шахсан ўзи чорлаганди. Португалиялик мутахассис Жеррардни кейинчалик «Интер» ва «Реал»га таклиф қилади, бироқ ҳар сафар рад жавоби эшитади.

Истанбулдаги «триллер»нинг тарихий қаҳрамони
Европа чемпионлар лигасининг 2005 йилдаги буюк финали «Ливерпуль» сардори бўлмаганида бу номни олмаган бўларди. Айнан Жеррард, Истанбулдаги ўйиннинг иккинчи бўлимида кўпроқ ҳужумларга қўшилганди. Ливерпулликларнинг биринчи голини нишонларкан, у икки қўлини баланд баланд силкитиб, мухлисларни ҳам, жамоани ҳам руҳлантиради. Кейинчалик бу ҳаракат финалнинг ҳал қилувчи дақиқаси дея таърифланганди. Голдан олти дақиқа ўтиб, Гаттузонинг айнан Жеррардга нисбатан ишлатилган қўполлиги натижасида белгиланган пенальтидан Стивеннинг энг яқин дўстларидан бири Хаби Алонсо унумли фойдаланади. Триллернинг давоми эса сизга маълум. Жеррард ўша кечанинг энг яхши футболчиси деб топилади ва «Ливерпуль» учун 21 йилдан кейин илк марта (ҳозирча сўнгги) чемпионлар Кубогини олиб берилишида бош қаҳрамон сифатида қатнашади.

«Олтин тўп» остонасига ташланган энг яқин қадам
Ўша 2005 йилда УЕФА талқинига кўрамавсумнинг энг яхши футболчиси бўлган Стиви «Олтин тўп»га даъвогар 3 футболчидан бири бўлади, бироқ якунда терма жамоадаги шериги Фрэнк Лэмпард ва «Барселона» юлдузи Роналдиньо ундан кўпроқ овоз тўплайди. Ўша йили бразилиялик футболчи ўз клуби сафида 45 учрашувда 22та гол киритган, терма жамоасини қийин вазиятда қутқариб, Германиядаги жаҳон чемпионати йўлланмасини олиб берганди. Бу унга France Football нинг бош совринини қўлга киритиши учун етарли бўлганди. Жеррард эса футболдаги асосий индивидуал совринга бошқа даъвогарлик қилмади.

2006 йилдаги мавсум голи
Келгуси йилда «Ливерпуль» Стиви Жи сардорлигида яна иккита — Англия Кубоги ва суперкубогида зафар қучади. Кубок финалида қизиллар «Вест Ҳэм»га қарши майдонга тушади. 90-дақиқага қадар «Ливерпуль» 2:3 ҳисобида ортда боради. Айнан шу дақиқада Жеррард 32 метр масофадан, кейинчалик мавсумнинг энг чиройлиси деб топилган голни киритади. Афсуски ФИФА томонидан энг чиройли голга бериладиган Ференц Пушкаш номидаги соврин фақатгина 2009 йилдан буён топширилмоқда. Ўшанда бу соврин бўлганида унинг эгаси ким бўлиши ортиқча саволларга сабаб бўлмасди.

Барча даврларнинг рамзий терма жамоаси аъзоси
2010 йилда «Ливерпуль» сардори Британиянинг нуфузли нашрларидан бири The Guardian томонидан тузиб чиқилган барча даврларнинг рамзий терма жамоасида ўнг қанот яримҳимоячиси сифатида жой олади. Ўша таркибдан катта Шмейхел, Кафу, Барези, Бекенбауэр, Мальдини, Марадона, Зидан, Круифф, Пеле ва Роналдо жой олганди. Журналистлар, мухлислар ва эксперт талқини бўйича тузилган ўша таркибнинг энг ёш вакили Стивен эди.

Камерадан бўса олиб нишонланган гол

Стиви Джи голни камерадан бўса олиб нишонлашни илк марта амалга оширган футболчи саналади. Бу воқеа етти йил олдин Жеррард «МЮ»га қарши ўйинда пеналтидан жамоасининг иккинчи голини киритганида содир бўлади. Ўйинда «Ливерпуль» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Худди шу ишни у 5 йил ўтиб 2014 йилда ҳам бажаради. Ўшанда ҳам жамоа Англиядаги энг азалий рақибини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этади, сардорнинг ўзи дубль муаллифи бўлади.

Хайр, чемпионлик

Жеррарднинг автобиографияси «Ливерпуль» сардорининг «Челси»га қарши 2014 йилдаги учрашувдаги кўз ёшлари тасвири билан бошланади. Ўшанда Стиви йиқилиб тушгач, Демба Ба Миньоле дарвозасини ишғол қилади ва мерсисайдликларни чемпионлик учун курашишдан маҳрум қилади. Жеррард клуб даражасидаги ютмаган ягона соврини – АПЛ чемпионлиги ҳозирча ҳам буюк футболчи фаолиятига оз бўлсада соя солиб турибди. Аммо бу масалани ҳал қилишнинг йўли ҳам бор. Фикридан қайтиб, фаолиятини ярим йилга тиклаш ва Клоппнинг «Ливерпуль»ига қўшилиб, (ўйновчи-мураббий бўлибми, фарқи йўқ) бу ишни бажариш.

«Ливерпуль» тарихидаги энг яхши футболчи
2013 йилда Стивен Жеррард жамоанинг яна бир афсонаси Кенни Далглишнинг сермаҳсуллик кўрсаткичларини янгилайди. «Ливерпуль»да 18 мавсум тўпган сурган футболчи 709 учрашувда майдонга чиқиб 185 гол муаллифига айланган Стиви ҳақли равишда жамоанинг барча даврлардаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилади.

АҚШда қўйилган сўнгги нуқта
2015 йилнинг январида Жеррард ўз қарорини эълон қилади: «Ливерпуль» билан шартнома имзоланмайди ва футболчи қадрдон жамоасини тарк этади. Тирик афсона ижросидаги сўнгги учрашув ўша йилнинг май ойида бўлиб ўтади ва унда «Сток Сити»га 1:6 ҳисобида имконият бой берилади. Шармандали тугаган ўйинда мерсисайдликларнинг ягона голига айнан Жеррард муаллифлик қилади.

Американинг «Лос-Анжелес Гэлакси» клуби сафида Жеррард бир ярим мавсумни ўтказди. 39 учрашувда 5 гол киритган футболчи, бу ерда ҳам клубига мамлакатнинг асосий соврини MLS кубогини қўлга киритишига кўмаклаша олмади. Вазифа уддаланмагач, у жамоадан, кейинчалик эса футболдан бутунлай кетишини маълум қилди. Унинг расмий учрашувдаги охирги ҳаракати «Гэлакси» ва «Колорадо Рэпидс» жамоалари учрашувидан кейинги пенальтилар сериясидаги аниқ зарбаси бўлди.

Стивен Жеррард футболчилик фаолиятини якунлади