Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Саудия Арабистони мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауд ҳамда савдо ва инвестициялар вазири Мажид ал-Кассабий билан музокаралар ўтказган. Унда терроризм ғоясига қарши уруш ҳақида сўз боргани ҳақида Қодиров Instagram саҳифасида маълум қилган.

«Биз терроризм ҳам, экстремизм ҳам ҳақиқий Ислом динига умуман алоқаси йўқлиги борасида якдил фикр билдирдик. Ислом душманлари сунъий равишда мусулмонлар ўртасида қарама-қаршилик ва можароларни келтириб чиқариш мақсадида турли зиддият нуқталарини ташкил этмоқда», — деб қўшимча қилган Қодиров. 

Подшоҳлик мудофаа вазири «Чеченистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш масаласи ижобий ҳал этилгани, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилгани»дан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлаган. «Учрашув давомида ўзаро манфаатли бўлган муҳим йўналишларда қалин ҳамкорлик қилишга келишиб олдик», — деб ёзган Қодиров. 

Чеченистон раҳбари, шунингдек, Саудия мудофаа вазирини ватанига таклиф қилган.