Россиянинг «Независимая газета» нашрида Виктория Панфилова муаллифлиги остида Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловига бағишланган мақола эълон қилинди. У «Республикада кўппартиявийлик замон талаби ва халқ иродасига айланди» деб номланади. Мазкур мақола газетанинг жорий йил 28 ноябрь санасидаги сонида эълон қилинган.

Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Ўзбекистонда 4 декабрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Ушбу лавозим учун мамлакатдаги тўртта сиёсий партиядан номзодлар қатнашмоқда. Булар Ўзбекистон халқ демократик партияси (ЎзХДП), «Адолат» социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси ва  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеП). Ижтимоий сўровда қатнашган 95 фоиз фуқаро Ўзбекистон раҳбари учун ўтадиган сайловни муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистондаги мазкур сайлов муддатидан олдин ўтказилмоқда. Ўзбекистон халқи оғир жудоликка учради – биринчи президент Ислом Каримов оламдан ўтди. Аммо жамиятни ислоҳ этиш ва ҳукумат барқарорлигини таъминлаш стратегияси сақлаб қолинди. Асосийси, мамлакат фуқароларининг фикрича, Ўзбекистонда тинчлик ва хотиржамликнинг бўлишидир. Сайлов ҳақида ижтимоий сўровда иштирок этган мамлакат фуқароларининг 41,2 фоизи ана шундай жавоб қайтарган. Сўровда қатнашганларнинг 95 фоизи сайловда, албатта, қатнашишини таъкидлаб ўтган. Улар орасидан 41,3 фоизи буни «фуқаролик бурчи», дея эътироф этган. 31,8 фоиз фуқаро эса сайловларда қатнашиш мамлакат келажаги учун масъулият ифодаси, деб ҳисобламоқда. 21,3 фоиз фуқаро учун эса сайлов ўз фикрини билдириш ва муносиб номзодни танлаш имкониятидир”.

Мақолада таъкидланишича, “2016 йилда ўтадиган сайлов кампанияси президентликка номзодларнинг рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Президент сайлови жараёни билан боғлиқ қатор қонунлар кучга киритилган. Буларга «Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида» ва бошқаларни бунга мисол қилиш мумкин. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига тўла риоя этилишига, сайловларда сайловчиларнинг эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар ва номзодларга адолат тамойилларига асосланган ҳолда тенг ва кенг имкониятлар яратиб беришга, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликка йўналтирилган”.

“Барча сайлов кампаниялари оммавий ошкоралик тизими асосида ўтказилмоқда. Ҳар бир сайловчи сайлов округлари ва участкалари, сайлов комиссияси таркиби ва комиссия ишлаш вақти, овоз бериш ҳамда сайлов тўғрисидаги маълумотларни излаш, қабул қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга”, дейилади «Независимая газета» чоп этган мақолада.