Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) хакерлари Жанубий Корея ҳарбий киберқўмондонлик тизимини бузиб киришди. Бу ҳақда «Би-би-си» хабар берган.

Жанубий Корея ҳарбий маҳкамаси матбуот котибининг сўзларига кўра, шимолий кореялик хакерлар гуруҳи КХДР киберҳужумларига қарши яратилган ҳимоя тизимини четлаб ўтиб, маълумотларни ўғирлаган. “Афтидан ҳарбий киберқўмондонлик серверлари турли салбий дастурлар билан зарарланган. Суриштирув жараёнида ичида махфий маълумот бўлган бир қатор ҳужжатлар бузиб кирилганига дуч келдик”, - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Хакерлар томонидан қандай даражадаги маълумотлар ўғирлангани номаълум. Нашрнинг қайд этишича, улар ҳарбий ҳаракатлар режаларини, шунингдек паст махфийликка эга бўлган маълумотларни ўмаришган бўлиши мумкин. Ҳарбий маҳкама матбуот котиби бу масала юзасидан изоҳ бермади.

Таъкидланишича, Шимолий Кореяда киберҳужумга тайёрланган минглаб ходимлар бор. Бу ҳақда КХДРлик қочқин ва информатика профессори Ким Хун-Кван айтиб ўтган. Унинг маълум қилишича, шимолий кореялик хакерлар 2010 йилдан бери амалий дастурлаш интерфейсларига (APIs) алоҳида эътибор қаратган ҳолда таълим олишади. Улар миллий инфратузилмаларни бузиб киришда қўлланилиши мумкин.