Ўзбекистон янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин Ўзэкспомарказ павильонларининг бирида тўпланган ЎзЛиДеП фаоллари олдида сўзга чиқди.

У ўз нутқида Ўзбекистон халқига сайловдаги фаол иштирок учун миннатдорчилик билдирган.

"Ассалому алайкум азиз ватандошлар, қадрли сайловчилар, ҳурматли дўстлар!

Албатта, мана шундай сизларнинг олқишларингиз, кўтаринки руҳларингиз ҳар қандай одамга куч, қудрат, ғурур беради. Бу натижа – сизнинг натижангиз.

Ватанга садоқат ва муҳаббати, келажак авлодлар олдидаги масъулияти нақадар баландлигини кўрсатган оқ кўнгилли халқимга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман.

Бугунги натижа, менинг зиммамга юклатилган жавобгарликни юз баравар, минг карра орттиришини — мен тўғри тушунаман. Менга билдирилган жуда катта ишонч учун — она халқимга таъзим қиламан.

Мана шу мард ва фидойи, олийжаноб халқим учун тўпланган билим ва тажрибам, бутун вужудим ва борлиғимни бағишлаб, кечаю-кундуз ишлашга тайёрман", — деди Ўзбекистон янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев.