Американинг Apple компанияси 2016 йилнинг энг кўп юкланган бепул иловалари рўйхатини эълон қилди. Mashable шу ҳақида маълумот берди. 

Рўйхатдаги биринчи ўринни Snapchat мессенжери эгаллаган. Ўтган йилги рейтингда у бешинчи ўринда қайд этилган эди. Ўшанда иловалар орасида Trivia Crack етакчилик қилганди, 2016 йилнинг топ-10 рўйхатида эса унинг номи умуман йўқ. 

Иккинчи поғона Facebook иловаси бўлган Messenger'га насиб этди. Учинчи ўринда эса - Pokémon Go ўйини. 

Учликдан кейинги ўринларда тартибга кўра, Instagram, Facebook, YouTube, Google Maps ва Pandora иловалари қайд этилган. Ўнликни Netflix ва Spotify Music тугаллайди. 

Пулли иловалар рўйхатида эса Heads Up! етакчилик қилмоқда. Бу илова ўтган йили ҳам мазкур рейтингда биринчи бўлган эди.