АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп Time журнали таҳририяти талқини бўйича "Йил одами" деб топилганидан "боши осмонга етганини" ва буни ўзи учун катта шараф эканлигини айтди.

"Сенинг суратинг Time журнали муқовасига қўйилса, бу катта шарафдир", деб айтди Трамп.

Журнал Трамп сурати ёнида "Дональд Трамп. Америка тарқоқ штатлари президенти" деган ёзувни жойлаштирди. Time журнали бу билан Трампнинг президент этиб сайланиши кўплаб норозилик намойишлари ва баъзи штатларнинг АҚШ таркибидан чиқишга уринишлари билан кечган жамиятда катта резонанс келтириб чиқарганига ишора қилган.

"Фикримча, "тарқоқ" атамасини ишлатиш – бу жуда заҳархандаликдир. Мен низо чиқиши учун ҳеч нарса қилмаганман", деб айтди Трамп NBC телекомпаниясига берган интервьюсида.   

Аввалроқ Time журнали Трампни кўплаб муносиб номзодлар орасидан "Йил одами" деб топгани маълум қилинганди.