Faraday Future компанияси Tesla автомобилларига рақобатчи бўладиган ўзининг биринчи моделининг янги тизерларини чоп этди. Шу билан бирга АҚШ компанияси янги модель чиқадиган санани тасдиқлади. Машина 2017 йил 3 январида ошкор қилинади ва сўнгра Лас-Вегасдаги истеъмолчилик электроникаси кўргазмаси CES’да оммавий намойиш қилинади.

Компанияда моделнинг концептуал ёки серияли варианти намойиш қилиниши маълум қилинмаган. Тизерларга кўра, гап прототип ҳақида кетмоқда. Суратларда автомобилнинг кузови хэтчбек ва универсал ўртасидаги кўринишни эслатиб юборади. Аввалроқ компаниянинг илк машинаси кроссовер бўлиши тахмин қилинганди.

Шу билан бирга ёруғлик диодли оптика элементларини ҳамда орқа кўриниш ойнаси ўрнини босувчи камерани кўриш мумкин. Суратлардан бирида автомобиль поли остида ўқлар орасида жойлашган батареялар тўпламини ҳам кўриш мумкин. 

Аввалроқ компания электрокар видеотизерини чоп этганди. Унга кўра, Faraday Future янги машинани Bentley Bentayga, Ferrari 488 GTB ва Tesla Model X моделлари билан дрэг-пойгада таққослаган. Роликда қисман старт олишлар кўрсатилган.