Замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, мижоз учун янги-янги хизмат турларини яратиб, амалиётга жорий этиш Акциядорлик тижорат Халқ банкининг муҳим вазифаларидан бирига айланиб бормоқда.  

Хусусан, ушбу банк жамғариб бориладиган пенсия тизими иштирокчилари учун “SMS-хабарнома” хизматини жорий этди. Бундан кўзланган асосий мақсад Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими иштирокчиларига янги, замонавий хизмат турларини кўрсатиш ва уларни шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳолатидан хабардор қилишдан иборат. 

Хўш, “SMS-хабарнома” хизмати нима?

Бу мижознинг мобил алоқа воситалари орқали исталган вақтда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамидаги маблағлар қолдиғи тўғрисида маълумот олиш имконини берувчи дастурий тизим ҳисобланади. 

Бу тизимга қандай уланиш мумкин?

“SMS-хабарнома” хизматига уланиш учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда иштирок этаётган фуқаролар асосий иш жойи солиқ рўйхатига олинган жойдаги Халқ банки филиалига мурожаат қилишлари лозим. Ихтиёрийлик асосида иштирок этаётган фуқаролар эса доимий яшаш жойидаги Халқ банкининг филиалидан рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Мижоз Халқ банкининг жамғариб бориладиган пенсия тизими ягона маълумотлар электрон базасига уланган кундан бошлаб, “SMS-хабарнома” хабарларини ўз мобил алоқа воситаси орқали олиши мумкин. 

Реклама ҳуқуқи асосида