Қозоғистон ТИВ Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасидаги музокаралар учун мезбонлик қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Агар шундай таклиф келиб тушса, мамлакат уни ўрганиб чиқади, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги.

«Агар Сурия келажаги бўйича музокаралар ўтказишга келишилса ва Қозоғистонга ушбу учрашувни қабул қилиш таклифи билдирилса, ... биз масалани диққат билан ўрганиб чиқамиз ва ўз вақтида қарашимизни билдирамиз», —дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида. 

Вазирлик вакиллари, шунингдек, «Қозоғистон аввал бошданоқ Сурия можаросига тинч йўл билан барҳам бериш тарафдори» эканига урғу беришган.