19 декабрь куни Associated Press (АР) сураткаши Бурхон Ўзбиличи Анқара шаҳрида ўтказилган "Калининграддан Камчаткагача" фотокўргазмасида бўлган. Таъкидлаш жоизки, Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловга қарата айнан шу кўргазмада ўқ узилган. Ўзбиличи элчига ўқ узилишидан бир неча сония аввал уни суратга олишга улгурган ва вазиятга қармай, содир бўлаётган воқеаларни муҳрлашда давом этган. Қотилнинг суратлари деярли барча йирик ОАВда чоп этилди, бироз кейин эса AP сайтида сураткаш Замонавий санъат галереясидаги воқеалар ҳақида батафсил сўзлаб берган. 

Ўзбиличининг сўзларига кўра, дастлаб кўргазмага бориш унинг режаларида бўлмаган: у шунчаки идорадан уйга кетаётиб, Россия-Туркия муносабатлари ҳақидаги келгуси материаллар учун суратлар керак бўлиб қолишини ўйлаб, йўлдан кўргазмага киришга қарор қилган. AP ходимининг айтишича, Карлов ўз нутқини "хотиржамлик ва Ватанга муҳаббат билан" баён қилган. 

"Кутилмаганда ўқ узилган товуш эшитилди ва залда ваҳима кўтарилди. Элчининг танаси сураткашдан бир неча метр масофада қулаган. Унинг сўзларига кўра, Карловга орқа томонидан ўқ узилган. Рўй бераётган воқеаларни англашим учун бир неча сония керак бўлди: яқинимда турган киши ҳалок бўлди. Кўз олдимда бир инсон ҳаёти хазон бўлди. Қотил ўз қуролини иншоотнинг ўнг қанотидаги кишиларга йўналтираётган бир пайтда мен бироз орқага, чап томонга чекиндим", - дейди Бурхон Ўзбиличи. 

Сураткаш дастлаб қотилни чечен террорчиси дея тахмин қилган. Унинг айтган сўзлари орасида англагани фақат "Аллоҳу акбар" бўлган. Бурхоннинг сўзларига кўра, қотил ҳаяжонда тинмай элчининг танаси атрофида айланиб, девордаги бир неча суратлар витринасини синдирган. 

Ўзбиличи қаттиқ қўрқиб кетган ва вазиятнинг нақадар хавфли эканини англаб етган. Бироқ шунга қарамай, ўзи яшириниб турган жойдан воқеани суратга олишда давом этган. 

"Мен шу ердаман. Мени жароҳатлашса ёки ўлдиришса ҳам, энг аввало, мен журналистман. Ўз ишимни бажаришим керак. Суратга олмай, қочиб кетсам ҳам бўларди... Бироқ у ҳолда одамларнинг "Нима учун суратга олмадинг?" деган саволига жавоб топа олмасдим", - дейди у. 

Манбага кўра, қотил унинг олдига ҳеч ким яқинлашмаслигини айтиб бақирган. Кейин эса қўриқчилар ҳаммага зални тарк этишни буюришган ва сураткаш ҳам улар қаторида чиқиб кетган. Шундан сўнг тез ёрдам ва бронотехника машиналари етиб келган. Полиция ходимлари махсус операцияни бошлаб, унда қотилни ўлдиришган. 

Уйига қайтган Ўзбиличи кўргазмада олинган суратлар устида ишлай бошлаган ва ўқ узилишидан бир неча сония аввал олинган суратга диққатини қаратган: унда Андрей Карловнинг қотили у нутқ сўзлаётган вақтда орқа фонда акс этганди. 

Ўзбиличи илк суратни музейдаги қотиллик ҳақида хабар берилгандан икки соат ўтиб ўзининг Facebook'даги саҳифасига жойлади. Агентликнинг маълум қилишича, сурат ижтимоий тармоқда жуда тез тарқалган. Олти соат ичида ушбу суратни 9 миллиондан ортиқ киши кўргани маълум бўлган.