Интернет олами шиддат билан ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Диний ходимлар ҳам, масжидлар, диний марказлар ҳам ўзларининг веб-саҳифаларига эга бўлиб, секин-секин Твиттер, Инстаграм, Фейсбук ва Телеграм каби дастурларда ўринларини эгаллаб бормоқда. Айни кунда ҳамма сайт, саҳифалар очиб, аъзо бўлмоқда. 

Минг афсуски шайтон ҳам унда саҳифа очган. Бир қанча саҳифалар очган. Шайтоннинг ҳам саҳифалари бор. Ҳозир мана шу интернет оламида бошқа саҳифалар билан бирга ишлаётган шайтон саҳифалари кўпайиб кетди. Мана шу саҳифалардан эҳтиёт бўлмоқлик даркор.

Сабаби шайтон ўзининг йўлига даъват қиларкан, у мен шайтонман демайди – мен фариштаман дейди. Шайтон ўзини фаришта деб одамларни даъват қилади ва бу йўлни энг тўғри йўл дейди. Ўзининг йўлидан бошқа йўлдагиларни ҳақорат қилади, уларни танқид қилади – шайтоннинг иши мана шу. 

Шайтон музаййин сифатига эга, зийнатловчи сифатга эга. Интернетда эса доим иши фитна, адоват бўлган саҳифалар ишламоқда. Биз бемалол ўша саҳифаларни, сайтларни, каналларни эгаларини шайтонлар деб айта оламиз. Уларга Аллоҳ субҳану ва таолонинг жазоси тайин.

Шайтонни таниш унинг амалидан бўлади. Агар мана шу саҳифа, сайтларга иложи борича тушмайлик-ку, назари бир марта тушган одам уларнинг кимлигини яхши билади. Уларнинг вазифаси нима, нималардан иборат эканлигини яхши билади. Ҳозир аксарият шундай сайтлар аҳли илмларни ҳақорат қилиш билан машғул бўлиб қолган. Юртимизда расмий фаолият олиб бораётган аҳли илмларга тана тошини отиш гўёки уларнинг вазифалари. Ҳақорат қилишдан иборат гўёки уларнинг вазифалари. 

Бизнинг уларга айтадиган гапимиз шу бўлади: Аллоҳ субҳану ва таоло сизларга ўхшаганлардан паноҳ сўрашни бизларга Қуръонда буюрган. Аллоҳ субҳану ва таолонинг номидан биз сизларга ўхшаган жин ва инсон-шайтонлардан паноҳ сўраймиз ва қиёматда сизларнинг ёнажак жойларингиз маълум. Аммо, эҳтиёт бўлингларки, бу дунёда аҳли илмларнинг гўштлари заҳарли бўлади. Ҳадеб бу аҳли илмларнинг заҳарланган гўштини тановвул қилиш эвазига балким сизларнинг зурриёдларингиз беайбдир ёки авлодларингизда беайб одамлар бордир – уларни касрингизга қолдирманг. 

Аллоҳ субҳану ва таолонинг ўзи ёмонларга кифоя қилсин. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов 
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 
“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби