Ўзининг турли хил асоссиз нағмалари билан шуҳрат қозонган Филиппин президенти Родриго Дутерте яна бир бор кенг жамоатчилик эътиборига тушди. Унинг сўзларига кўра, агар у АҚШга борса, БМТ биносининг кулини кўкка совурар экан, деб ёзмоқда Independent нашри.

Филиппин раҳбари мамлакат жанубидаги Замбоанга шаҳридаги ҳарбий базада қилган чиқишида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайннинг даъволарига эътибор қаратди. Ал Ҳусайн Дутертенинг Филиппиндаги гиёҳванд савдоси билан шуғулланувчиларга қарши кураши чоғида амалга оширган қотилликлари хусусида фикр билдирган эди. 

«Сиз БМТга бориб, арз қилишингиз мумкин. Бу ҳолда мен Бирлашган миллатлар ташкилотини ёқиб юбораман. Агар Америка борсам, БМТнинг кулини кўкка совураман», — деган сиёсатчи.

Аввалроқ, Родриго Дутерте Зайд Раад ал Ҳусайнни «ахмоқ» деган ва БМТ ходимларига ўзи маош бераётганини таъкидлаган эди. 

Бундан аввал, Зайд Раад ал Ҳусайн Филиппин ҳукуматини мамлакат президенти баёноти юзасидан текширув ўтказишга чақирган эди. Дутерте, баёнотларидан бирида, давлат раҳбари бўлмасдан олдин содир этган қотилликларига иқрор бўлганди.