Расмий Тель-Авив БМТ Хавфсизлик кенгашининг Исроил бўйича қабул қилган резолюциясини бажармайди. Мазкур ҳужжатда Исроил томонидан Фаластин ҳудудлари, хусусан, Шарқий Қудусда барпо этилган барча аҳоли тураржойларини ноқонуний деб топилган эди, деб ёзмоқда Independent нашри.

«Исроил ўзига қарши шармандали резолюцияни рад этади ва унинг шартларини бажармайди», — дейилади бош вазир Биньямин Нетаньяху идорасининг расмий баёнотида.

Исроил ҳукумати, шунингдек, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш мақсадида ҳамкорлик қилишга умид қилаётганини маълум қилган. 

Қайд этиш жоизки, расмий Тель-Авивнинг илтимосларига қарамай, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти овоз бериш чоғида бетараф қолган ва ўзининг вето ҳуқуқидан фойдаланмаган. 

Натижада, БМТ ХК Миср томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилган. Унга кўра, Исроил Фаластин ҳудудларидаги қурилиш ишларини «зудлик билан ва тўлиқ» тўхтатишга чақирилган. 

Дональд Трамп АҚШнинг ушбу масала бўйича қарашини қоралаган ҳамда 20 январдаги инаугурациядан сўнг, БМТга нисбатан жиддий ўзгаришлар бўлишига ваъда берган эди.