НАСА астронавти Пирс Селлерс саратон туфайли вафот этди

Жамият 24 Декабрь 2016 4082
Фото: HACA

NASA астронавти Пирс Селлерс АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда миллий фазо агентлиги сайтида хабар берилган.

Селлерс 61 ёшда эди. Унинг ўлимига ошқозон ости бези саратони сабаб бўлгани айтилмоқда. Астронавт унда онкологик хасталикнинг тўртинчи даражаси топилгани ҳақида январда маълум қилганди.

Маълумот учун, Селлерс илк бора фазога 2002 йилда Atlantis STS-112 шаттлида парвозга чиққан ва Халқаро фазо станцияси қурилиши муносабати билан уч маротаба очиқ маконга чиққан. У иккинчи маротаба экспедицияда 2006 йилда Discovery STS-121 кемасида қатнашган. Селлерс ҳаммаси бўлиб орбитада 23 суткадан ортиқ вақт давомида бўлган.

Фазогир ўз фаолиятини якунлагандан сўнг иқлимшунослик ва экология билан шуғалланган. Шунингдек, Селлерс иқлим тизимларининг компьютер моделларини яратиш билан ҳам банд бўлган. 

«Ундан бизга нафақат глобал исиш ҳақида эслатма, балки сайёрамизни бошқариш бўйича яхшироқ стратегияга ўзгартиришга умид ҳам мерос бўлиб қолди», - дея таъкидлаб ўтилган НАСАда.
 

Кўпроқ янгиликлар