Филиппинда минглаб одамлар Нок-Тен, шунингдек Нина сифатида маълум бўлган супер-тўфон яқинлашаётгани сабабли ўз уйларини тарк этмоқдалар.

Бу тўфондаги шамол тезлиги 255 км/соат тезликка эга бўлгани сабабли супер-тўфон деб аталган.

Катандуанес вилояти вице-губернатори аҳолининг мажбурий эвакуация қилинишига буйруқ берган, бироқ кўплаб одамлар Рождество вақтида уйларини тарк этишни исташмаяпти.

Тўфон мамлакатнинг шарқий соҳиллари томон йўналмоқда. У Бикол туманига энг катта таъсир қилиши айтилмоқда. Тўфон мамлакатнинг аҳоли гавжум туманлари, шу жумладан пойтахт Манилани ҳам камраб олади. Филиппин метеорологик маркази 175 км/соат тезликдаги шамоллар қайд қилинганини маълум қилди.

Мамлакатда 2 метрдан баланд бўлган хавфли тўлқинлар сабабли ўнлаб денгиз портлари ёпиб қўйилди.