Сомали ҳукумати президент сайловлари ўтказилишини 4-маротаба қолдирди, деб хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги. 

Президент сайловлари 28 декабрда ўтиши керак эди, бироқ манба маълумотларига кўра, у 24 январда бўлиб ўтади. Янги президентни сайлаши керак бўлган мамлакат парламенти 28 декабрда қасамёд қабул қилади. 

Сомали республикаси 1991 йилда Сиад Барре диктаторлик ҳокимиятининг қулаши билан ягона давлат сифатида мавжуд бўлишдан тўхтаган. Халқаро ҳамжамият пойтахт Могадишо ва унинг атрофидаги бир қатор туманларни назорат қилувчи федерал ҳукуматни мамлакатдаги ягона қонуний ҳокимият деб тан олади. Мамлакатнинг қолган қисмлари тан олинмаган давлат тузилмалари назоратида ёки ўзини бошқарувчи ҳудудлар ҳисобланади. Сомалининг жануби ва шимоли-шарқидаги баъзи туманларда маҳаллий қабилалар ва радикал ҳаракатлар ҳукмронлик қилади.