Истиқлолимиз, истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи

Жамият 27 Декабрь 2016 4066
Фото: ЎзА

28 декабрь – Мустақиллик ва эзгулик монументи очилган кун.

Она сайёрамиз бағридаги Ўзбекистон харитаси, парвозга шайланган турналар, осуда тин олаётган оқ лайлаклар, фарзандига меҳр-ла термилган бахтиёр она сиймоси, мармардан ишланган оппоқ йўлак...

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғояси ва раҳнамолигида мамлакатимизнинг бош майдонида барпо этилган ушбу рамзлар эл-юртимиз ҳаётида чуқур маъно-мазмунга эга. Улар аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, бугунги бахтиёр авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолимиз, келажаги буюк давлат барпо этиш йўлида юксак марраларни забт этаётган азму шижоатли халқимиз қалбидаги эзгу ва беғубор орзулар ифодасидир.

...Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2005 йилнинг 28 декабрида Мустақиллик майдонида қад ростлаган янги монумент пойига илк гулчамбар қўйди. Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан ушбу муаззам мажмуага ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи – Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилди.

Эзгулик аркаси бош майдонимизнинг ўзига хос рамзий дарвозасидир. Арка тепасидаги парвозга шайланаётган турналар халқимизнинг буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги интилишлари, қатъияти ва иродаси, оқ лайлаклар тинч ва осуда, фаровон ҳаётимиз тимсолларидир. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари мамлакатимиз ривожи учун пойдевор бўлаётган бақувват таянч асослар ифодасидир. Бу остонадан ўтадиган ҳар бир инсон муқаддас даргоҳга қадам қўяётганини ҳис қилади.

Майдон кўркига кўрк қўшиб турган обидадаги зарҳал Ер шарида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитаси юртдошларимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Ушбу тасвир Ватанимиз дунё ичра ягоналиги, унинг жаҳон айвонида ўз ўрни, обрўси борлиги ва шуҳрати тобора юксалиб бораётгани рамзидир.

Мамлакатимиз истиқлол йилларида ўз кучи ва салоҳиятига таянган, сарҳадлари, тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айланди. Халқимизнинг турли соҳаларда эришаётган улкан ютуқ ва марралари халқаро экспертларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлаётир. 

2005 йили Мустақиллик монументи олдида Бахтиёр она сиймоси ифода этилган муаззам ҳайкал қад ростлади. Бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, порлоқ келажакка бўлган мустаҳкам ишончимиз акс этган, фарзандини бағрига босиб, унга шукроналик ва муҳаббат билан термилиб турган она сиймосида ҳар биримиз ўз волидамизни, беғубор болалигимизни, эътибор ва эъзозда камолга етаётган баркамол авлодни кўргандек бўламиз. Мажмуа эркин демократик давлат, инсон манфаати ва ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун турадиган фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда аёл зотига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром ифодаси ҳамдир.

Ўтаётган 2016 йилга Соғлом она ва бола йили, деб ном берилиб, ҳаётнинг мазмуни бўлган соғлом ва баркамол фарзандлар тарбиясига, уни бағрида ардоқлаб, эзгу фазилатлар руҳида камолга етказадиган, оила қўрғонининг чиройи ва чароғбони бўлган аёл зотининг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлашга доир кенг кўламдаги чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани соғлом ва аҳил оила халқимизнинг эзгу мақсади, барча орзу-ҳаваслари мезонига айланганидан далолатдир.

Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимларда, спортчиларимизни йирик халқаро мусобақаларга жўнатиш ёки юртимизда йирик халқаро кўрик-танлов ва мусобақаларни ўтказиш олдидан ушбу обида пойига гулчамбарлар қўйиш анъана тусини олди. Мамлакатимизга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, турли даражадаги делегациялар вакиллари ва бошқа меҳмонлар Монумент пойига гулчамбар қўйиб, мустақил Ватанимизга ҳурматини ифода этади.

Мустақил ҳаёт остонаси сари одимлаётган келин-куёвлар Эзгулик аркасидан ўтиб, пок ният ва гўзал амаллар рамзи бўлган оқ мармарлардан юриб, Бахтиёр она пойига гул қўяркан, унинг сиймосида ўзларининг беғубор орзуларини кўради. Мустақиллик ва Эзгулик – аждодлардан мерос қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш масъулиятини англайди.

Шу кунларда Мустақиллик майдони янада кўркам ва файзли қиёфага кирган. Янги йил байрами арафасида қад ростлаган улкан арчадаги турфа безаклар ва камалакранг чироқлар барчага завқ-шавқ улашмоқда.

– Бу ерга ҳар сафар келганимда ажиб бир сокинликни, унинг замирида мужассам бўлган мамлакатимиздаги осойишталикни янада теран ҳис қиламан, – дейди пойтахтлик Сайдулло бобо Мирзаев. – Шу билан бирга, бугунги тинч ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришганимиз хаёлимдан ўтади. Ўша машъум хотиралар ҳар биримизни мустақиллик аталмиш энг улуғ, энг азиз неъматнинг, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишга чорлайди. Истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамияти, ҳаётимизда, онгу тафаккуримизда оламшумул ўзгаришлар сарчашмаси бўлганини янада чуқур англашга ундайди.

– Ҳар сафар Ватанимизнинг бош майдонини зиёрат қилганимда Мустақиллик ва эзгулик монументини айрича меҳр-муҳаббат билан кўздан кечираман, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Синдор Мирзалиев. – Бу қутлуғ обиданинг кўз илғамас, сирли жиҳатларини янгидан кашф этгандек бўламан. Монументда халқимизнинг ўлмас тарихи, бугуни ва бугунидан-да ёруғ келажаги намоён. Шу ҳақда ўйлар эканман, Ўзбекистон аталмиш муқаддас диёр фарзанди эканимдан фахрланиб кетаман.

Ҳа, Мустақиллик ва эзгулик монументи халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, улуғ тарихига садоқати, ҳамиша ёруғ манзилга умид ва ишонч билан интилиши, мустаҳкам иродаси ва юксак маънавий руҳи шарафига қўйилган нодир ва ўлмас обидадир. Зотан, ана шундай ноёб инсоний фазилатларга, юксак маънавиятга эга бўлган халқ ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди, ўзининг буюк мақсадларига албатта эришади.

Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА шарҳловчиси

Кўпроқ янгиликлар