Қотилликлар содир этган Уругвай собиқ диктатори вафот этди

Жамият 28 Декабрь 2016 6859
Фото: Mundo Notícia

Уругвай собиқ диктатори генерал Грегорио Альварес чоршанба куни 91 ёшида мамлакат пойтахти Монтевидеодаги марказий ҳарбий госпиталда вафот этди. У 1981-1985 йиллар президент бўлган. Бу ҳақда маҳаллий El Observador газетаси хабар берди.

Альварес 2009 йилда диктаторлик режими вақтида унинг иштирокида содир этилган қотилликлар учун 25 йилга қамалганди. У амнистияга тушмади ва ҳаётининг сўнгги кунларига қадар ҳибсда сақланган. Диктаторнинг ўлимига миокард инфарктидан сўнг кузатилган соғлиғидаги салбий ўзгаришлар сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Грегорио Альварес 1971 йилда қуролли кучлар бирлашган қўмондонлиги бошлиғи бўлган. Генерал Альварес 1973 йилда ҳарбий тўнтаришда иштирок этиб, президент Хуан Мария Бордаберрини ҳокимиятдан ағдарган. У 1978 йилда қуруқликдаги қўшинлар бош қўмондони этиб тайинланди ва шу тариқа норасмий тарзда ҳарбий ҳукумат раҳбарига айланди.

Диктаторлик режими касаба уюшмалари ва бошқа рақибларига қарши сиёсат олиб борган. Уругвай ҳукумати Лотин Америкасидаги бошқа мамлакатлар режимлари билан биргаликда рақибларини ўғирлаб, уларни қийнашган ҳамда суд ва терговсиз қатл этишган. Альварес 1981 йилда мамлакат президенти этиб тайинланади ҳамда 1985 йилда истеъфога чиқди.1986 йилда эса мамлакатда сўл-марказ кучлари вакили Табаре Васкес президент этиб сайланди ва диктатура вақтидаги жиноятларни тергов қилиш жараёнини бошлаган.

 

Кўпроқ янгиликлар