Сайтимизда “Uzonline” интернет провайдерининг хизмат кўрсатиш сифати ҳақида “Мижоз эмас, “Uzonline” ҳар доим ҳақми? номли танқидий мақола эълон қилинганди. Шундан сўнг, “Ўзтелеком” компаниясининг жавоб мактуби ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди

Kun.uz сайти таҳририяти ўз мақоласининг холислигини рақамлар билан тасдиқлаш ҳамда мантиқий давоми, шунингдек, Ўзбекистондаги интернет сифатига ойдинлик киритиш мақсадида сайт ўқувчилари ва Телеграм тармоғидаги обуначилари орасида “Uzonline” провайдерининг хизмат сифати сизни қониқтирадими?, деган мавзуда ижтимоий сўров ўтказишга қарор қилди.

Қуйида унинг натижаларини эълон қиламиз. Унга кўра, сўровда 6692 киши иштирок этган. Уларнинг  73.67 фоизи “Uzonline” интернет провайдери кўрсатаётган хизмат сифатидан қониқмаслигини билдирган. 13.81 фоиз киши кўнгли тўқлигини таъкидлаган. Бошқа провайдер хизматидан фойдаланишини ва ундаги хизмат сифати яхши эканини 5,42 фоиз одам маълум қилган. Сўровномада иштирок этганларнинг 3,67 фоизи бошқа провайдердан фойдаланиши маълум бўлган, бироқ, уларда ҳам хизмат кўрсатиш қониқарли эмаслиги таъкидланган. 3.43 фоизи бу борада бетараф қолган.

Мазкур сўровномадан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги аксарият интернет фойдаланувчилари “Ўзтелеком” АКнинг “Uzonline” интернет провайдери хизматидан фойдаланади.

Шу билан бирга, қайд этиш ўринлики, “Ўзтелеком” АК томонидан йўлланган жавоб мактубида 2016 йилда кўрсатилган ва амалга оширилаётган ишлар, режалар хусусида батафсил ахборот берилганди. Албатта, ундаги рақамлардан компания томонидан Ўзбекистонда ахборот ва телекоммуникация техонологияларини жорий қилиш, ривожлантириш, аҳолининг интернетга уланишини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. 

Бироқ, мамлакат раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни жадал ривожлантириш бўйича янги талаблар илгари сурилаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қилган маърузасида замон ўзгараётгани, одамларнинг талаби ортаётганини таъкидлаб, шунга кўра, раҳбарлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, ҳамма ўзгариши кераклигини қайд этган эди. 

Қолаверса, Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрдаги ўз лавозимига киришиш тантанали маросимида сўзлаган маърузасида, эндиликда, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарларининг иш самарадорлиги қуруқ рақамлар билан эмас, балки уларнинг фуқаролар муаммоларини қай даражада ҳал этаётгани билан баҳолаш тамойили йўлга қўйилишини билдирганди. 

Шунга кўра, “Ўзтелеком” АК келгуси 2017 йилда ўз олдига қўйган режа ва мақсадларини аъло даражада уддалашига, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишига умид қилиб қоламиз.