АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўзининг инаугурация нутқини мустақил ёзиш истагини билдирди, деб ёзмоқда Washington Post нашри сўнгги кунларда республикачи президент билан учрашганларга асосланган ҳолда. У мамлакатнинг собиқ президентлари Рональд Рейган ва Жон Кеннедидан илҳомланган ҳолда, шундай йўл тутмоқчи. 

Таъкидланишича, янги президент лавозимига киришиш тантанасидаги айрим жиҳатларини аллақачон маълум қилган. Матнни ёзишда Трампга спичрайтер (нутқ ёзувчи) Стивен Миллер маслаҳат бермоқда. Трамп маъмуриятида сиёсий масалалар бўйича бош маслаҳатчи лавозимини эгаллаши кутилаётган Миллер, республикачининг сайловолди кампанияси чоғидаги нутқларини ҳам ёзиб берган эди. 

«Трампнинг сўзларига кўра, Рейганнинг «ажойиб услуби» ва Кеннедининг миллий манфаатларга берган урғулари ўзининг 20 январдаги маърузасини ёзишда намуна вазифасини ўташи керак», — дейилади нашрда. 

Исми ошкор қилинмаган манбанинг сўзларига кўра, сайланган президент Кеннедининг  «мамлакатни Ойга парвоз қилишга руҳлантириш қобилияти»дан илҳомланган.