Украина президенти Петро Порошенко мамлакатнинг Солиқ кодексига ўзгартириш киритишга доир қонунни имзолади. Бу ўзгаришлар бизнесни юритишда енгиллик пайдо қилиш ҳамда давлатдаги инвестицион иқлимни яхшилашга қаратилган. Бу ҳақида Украина президенти маъмуриятининг матбуот хизматида хабар берилди. 

Порошенконинг сўзларига кўра, мазкур қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан туман даражасидаги солиқ инспекциялари назорат ва текширув органларидан маслаҳат органларига айлантирилади. Бу унинг фикрича, корхоналар ва солиқ инспекцияларига нисбатан коррупцион схемаларни бартараф қилади. Бундан буён солиқ инспекциясининг назорат функциялари фақат минтақавий даражада қолади. 

"Украина Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ янги ташкил этилган, 3 миллион гривендан (111,1 минг доллар) кам айланмага эга корхоналар уч йил муддатга ҳар қандай текширувлардан озод қилинади. 

Давлат раҳбари мазкур қонун асосида амалга ошириладиган ишлар мамлакатдаги инвестицион иқлимни сезиларли даражада яхшилашига умид қилмоқда. 

Юқори раданинг солиқ ва бож сиёсати масалалари бўйича қўмита раиси Нина Южанинанинг билдиришича, бизнеснинг соядан чиқиши учун махсус механизмлар яратилмоқда.