Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, алоҳида субъектларга солиқ имтиёзлари белгиланди, шу билан бирга аввал белгиланган баъзи имтиёзлар муддати узайтирилди. Бу ҳақида Norma.uz сайтида маълум қилинди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг Махсус авиация ишлари (МАИ) имтиёзлари белгиланди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг Махсус авиация ишлари (МАИ) авиакомпанияси 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинди. 

Маълумот учун: компаниянинг авиация транспорти қишлоқ хўжалигида авиакимёвий ишларни бажариш, вазирликлар ва идоралар буюртмасига кўра, аэрофототасвир парвозларини амалга ошириш ва шу каби мақсадларда қўлланилади. 

Имтиёзларга тўғирлашлар киритилди ва узайтирилди

«JV MAN Auto – Uzbekistan» МЧЖ 2020 йилнинг 1 январига қадар озод қилинадиган солиқлар ва мажбурий тўловлар рўйхатига аниқлик киритилди: юридик шахсларнинг даромад солиғи, қўшимча қиймат солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармасига тўланадиган мажбурий тўловлар. 

Шунингдек қуйидаги хизмат турларини тақдим этувчи микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ва даромад солиғи тўлашга доир имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 январигача узайтирилди: қишлоқ жойларида пойабзал ва чарм маҳсулотлари, соатлар, маиший электрон ускуналар ва электр жиҳозларни (телевизор, аудио ва видео қурилмалар, компьютер, принтер техникалари, музлатгич, кондиционерлар ва б.ш.) таъмирлаш  соҳасидаги хизматлар, шунингдек, қишлоқ жойларида кўрсатиладиган сартарошлар ва гўзаллик салонлари хизматлари, Қишлоқ жойлардаги кийим-кечак тикиш ва тўғирлаш хизматлари, кимёвий тозалаш хизматлари, таълим соҳасидаги хизматлар (масалан, компьютерда ишлашни ўргатиш), санаторийлар, болаларни соғломлаштириш муассасалари, болалар спорт муассасалари ва секциялар хизматлари, бундан ташқари, болалар, ногиронлар ва кекса ёшли фуқароларни парвариш қилишга оид хизматлар, ахборот-ресурс марказлари, электрон таълим , ахборот-кутубхона марказлари хизматлари, қишлоқ жойларда кўрсатиладиган компьютер дастурлаш хизматлари.

Давлат Геология қўмитаси, "Навоий ТМК" давлат корхонаси ҳамда "Олмалиқ ТМК" АЖнинг геолгия-қидирув ишларини ўтказиш учун жиҳозлар, материаллар, махсус транспорт воситалари, шунингдек, уларнинг эҳтиёт қисмларини олиб киришда божхона тўловларидан озод қилишга доир имтиёз муддати 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. 

Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизациялаш ҳамда мутахассисларни тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастури доирасида олиб кирилаётган замонавий ўқув-лаборатория ва компьютер техникаси, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган илмий-услубий адабиётлари 2017 йилнинг 31 декабригача  божхона тўловларидан озод этилган, яъни ҳужжатнинг амал қилиш муддати бир йилга чўзилган. 

Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларига тўловлардан озод қилишга доир имтиёзлар 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун олиб кирилувчи умумий  мустаҳкамловчи поливитаминлар мажмуига нисбатан белгиланган божхона тўловларидан озод қилиш имтиёзлари 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. 

Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно.