Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова фейсбукдаги саҳифасида АҚШ Миллий Разведкасининг РФ раҳбарияти 2016 йилги Америка сайловларига таъсир кўрсатиш бўйича кўрсатма бергани ҳақидаги ҳисоботига муносабат билдирди.

«Менга шундай туюлмоқдаки, «рус хакерлари» Америкада нимани бузиб кирган бўлса, булар фақат икки нарса: Обаманинг мияси, ҳамда «рус хакерлари» ҳақидаги ҳисобот», — дея ёзган у.

Бундан олдинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлдагилар АҚШ махсус хизматлари Владимир Путин киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақида ҳисобот тайёрлашганидан хафа эканликларини айтиб ўтганди. 

АҚШ разведкаси ҳисоботида Россия президенти Владимир Путин 2016 йилда Америка жамоатчилигининг АҚШдаги демократик жараёнларга ишончини барбод қилиш ва собиқ давлат котиби Клинтоннинг обрўсини тўкишдан иборат бўлган махсус дастур тузгани айтилган. Бундан мақсад Ҳиллари Клинтон сайловларда мағлуб этилишига эришиш бўлгани қўшимча қилинган.