Нацистлар етакчиси Адольф Гитлер ўз ўлимини саҳналаштириб, Берлиндаги бункердан қочган ва Аргентинадаги ҳарбий базага махфий тарзда етказилган. У бу ерда тарафдорлари билан 4-рейхни яратмоқчи бўлган, деб 16 январда History Channel каналида чиқадиган "Гитлер ови" деб номланган кўрсатувга иқтибос келтирган ҳолда Daily Mail нашри хабар бермоқда.  

"Ал-Қоида" етакчилари Усома бин Лодин ва Абу ал-Заркавийни йўқ қилиш операциясида иштирок этган АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Боб Баер ва махсус хизмат сержанти Тим Кеннеди Гитлер қочиб кетган бўлиши мумкинлигини билиш мақсадида тадқиқот ўтказишган.

Нашрнинг ёзишича, улар бункерда аввал номаълум бўлган, аэродромга олиб борувчи 5-чиқиш бўлганининг исботини топишган. Улар шунингдек СС зобитларидан бири Гитлерни Данияда кўргани ҳақидаги ҳужжатларни аниқлашган. 

Кўрсатувда Аргентинада Гитлер Жанубий Америкага келганининг исботи аниқлангани таъкидланган. Тадқиқотчилардан бири Иккинчи жаҳон урушидан кейин Аргентинага "ўн минглаб" нацистлар келганига ишора қилган.