Одамлар билан мулоқот кундалик вазифамизга айланиши керак

Ўзбекистон 17 Январь 2017 8511

Аёл миллат юзидаги нур, қалбидаги қуёшдир. Шу боис жамиятнинг маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, меҳнат фаолиятини оиладан ажралмаган ҳолда олиб боришларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун давлатимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 

Маълумки, ушбу йўналишлардаги саъй-ҳаракатларда республикамизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, чунончи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам ўзига хос ўрин тутади. Бугун мазкур ташкилот олдида турган энг долзарб вазифалар нималардан иборат, қўмита фаолиятининг қайси жиҳатларини давр талабидан келиб чиққан ҳолда янгилаш, ривожлантириш зарурлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева билан суҳбатлашдик. 

— Танзила Камаловна, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда мамлакат Бош вазирининг ўринбосари ҳисобланиши давлат томонидан хотин-қизлар масаласига юксак эътибор намунаси бўлиши билан бирга, албатта, мазкур ташкилотга бўлган катта ишонч ҳамдир. Сир эмаски, ижтимоий соҳа йўналишларида кўп йиллик бой тажрибага эгасиз. Ҳозирги вақтда мамлакат ва жамият ҳаётида бўлаётган ислоҳот ва ўзгаришларда олдингизда турган асосий вазифалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 

— Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, Республика Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Яъни, ҳар бир жамоат ташкилоти ўз фаолиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида қўйилган талабларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур.

Бунда бизга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида белгилаб берилган устувор вазифалар дастуриламал бўлмоқда. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу вазифалар республикамиздаги давлат ташкилотлари қатори барча нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳам асосини ташкил этмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таклифи билан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши барчамизга бирдек масъулият юклайди. Ушбу масъулият, аввало, халқимиз турмуши, жамият ҳаётида мавжуд бўлган турли масала ва муаммоларга комплекс ёндашувни, бунда, албатта, мамлакатимизда тобора ривож топиб бораётган ижтимоий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш, яъни бир эмас, бир нечта жамоат ташкилотлари имкониятларини бирлаштирган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал этиш тизимини яратишни талаб этади. 

Шу маънода, бугун рақам йиғиб, фақат ҳисобот тузиш йўли билан ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз фуқароларнинг ўзи танлаган соҳадан мамнун бўлиб ишлаши, уйига ҳам худди шу кайфиятда қайтиши, сирасини айтганда, ҳар бир инсоннинг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларининг таъминланиши учун зарур шароитларни яратишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. 

Ушбу мақсадларда оилаларга кириб борган ҳолда улар турмуши даражасини комплекс ўрганишнинг тизимли механизмини яратиш асосий мақсадларимиздан биридир. Бу орқали ҳар бир оила аъзосининг ижтимоий ҳолати, саломатлиги, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, болалар тарбиясининг тўғри йўлга қўйилиши, оила бюджетини кўпайтириш масалалари, бунда мазкур оила истиқомат қилаётган ҳудуддаги маҳалла, таълим-тарбия муассасаси, хотин-қизлар қўмитаси, банклар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигини чуқур ўрганиш ишларини амалга оширишни мақсад қилганмиз. Мазкур йўналишларда олиб бориладиган таҳлиллар, уларнинг натижаларига кўра кўрсатилган амалий ёрдам, сўзсиз, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, турмуш шароити даражаси ҳамда оила даромадини кўпайтириш, ёш авлодни тўғри тарбиялаш имкониятларини кенгайтиради. Энг муҳими, одамлар билан мулоқот интенсив ва кенг қамровли бўлиши лозим.

— Сизнингча, оилалар даромадларини оширишда қайси соҳаларга эътиборни кучайтириш керак? 

— Аввало, жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначилик асосидаги иш ўринларини яратиш, коллеж битирувчиларининг ўз ишини бошлашида кўмаклашиш масалаларида амалий ёрдам кўрсатилиши зарур. Бунда тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти уйғунлигининг таъминланиши мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, мамлакатимизда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ҳам жамиятда мавжуд ижтимоий масалаларни ҳал этишда самарадорликка эришиш, унинг барқарорлиги, ривожланиши, унумли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга йўналтирилгани билан янада аҳамиятлидир.

Бугун давлат ва жамоат ташкилотлари, банк муассасалари ҳамкорликда аҳоли манфаатларини таъминлаш, оилалар даромадларини  ошириш масаласида саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоғи айни муддао. Бу ўз-ўзидан фуқароларнинг мавжуд ижтимоий муаммоларини ҳал этиш имкониятларини кенгайтириши билан бирга, оз бўлса-да, жамиятимизда учраб турадиган айрим нохуш ҳолат ва иллатларнинг олдини олиб, ёшларнинг мустақил ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашади. 

Мазкур йўналишлардаги ишларда самарадорликка эришиш мақсадида ҳар бир ташкилот ўз фаолиятини тубдан танқидий кўриб чиқмоғи, бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўриши муҳимдир. Зеро, Республика Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини ҳам такомиллаштириш олдимизда турган энг асосий мақсадлардан биридир. 

— Маълумки, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мазкур жараёнда Хотин-қизлар қўмитасининг ўрни қандай?

— Ҳақиқатан ҳам, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хотин-қизлар қўмитаси бу борада, энг аввало, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда етакчи куч бўлиши керак. Чунки қайсики оилада соғлом муҳит шаклланган бўлса, бу масканда, албатта, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий барқарорлик ҳам бўлади. Бу жараёнда “Таълим муассасаси — оила — маҳалла” ҳамкорлигини тубдан қайта кўриб чиқишимиз ва талаб даражасида ишловчи хамкорлик механизмини яратишимиз бугунги кун талабидир.

Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг яна бир муҳим омили — хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш  ҳисобланади. Бу борада ҳам биргина тадбир ўтказиш билан чекланмасдан, маҳаллаларда, оилаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш масаласини кундалик эҳтиёжга айлантириш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Бунда кўпроқ чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз, уюшмаган аҳоли вакилларига эътиборни кучайтирсак, янада мақсадга мувофиқ бўлади.

— Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар масалалари бўйича иш олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари сони кўпайиб бормоқда. Бу тобора ривож топаётган фуқаролик жамиятига хос хусусият, албатта. Бироқ яна бир муҳим жиҳат борки, бу улар фаолиятининг сифати ва самарадорлиги масаласидир. Шу маънода, Республика Хотин-қизлар қўмитаси улар фаолиятини мувофиқлаштириш масаласига қандай ёндашади?

— Эътироф этиш жоиз, республикамизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бугун ижтимоий масалалар, шу жумладан, хотин-қизлар масалаларида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ҳам ортиб бормоқда. 2016 йилда бундай ташкилотлар сони 295 тага етди. Уларга давлат бюджетидан мунтазам грантлар ажратиб келинмоқда.

Шу ўринда ушбу ташкилотларнинг барчаси ҳам мана шу имкониятлардан тўғри, тўлақонли ва самарали фойдаланмоқдами, деган савол туғилиши табиий. Шу боис Республика Хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тўғри йўналтириши, уларга давлат томонидан кенг имкониятлар яратган ҳолда ажратилаётган грант маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаши, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда улар имкониятларидан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириши жуда муҳимдир. 

— Қўмитанинг хотин-қизлар ва оила манфаатларига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатлари ижросидаги иштироки хусусида ҳам  тўхталиб ўтсангиз. 

— Аввало, оила манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш жараёнида қўмита фаол иштирок этиши зарур. Шу билан бирга, мазкур соҳадаги қонунчиликнинг қандай бажарилаётгани борасида бевосита ҳар бир ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари, уларда истиқомат қилаётган оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит билан танишиш, ҳар бир хотин-қиз билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш орқали тизимли мониторинг юритиш, бу борада аниқланган хато ва камчиликларни халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари, зарур ҳолларда эса мамлакат миқёсида кўриб чиқилиши учун таклифлар киритиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлмоғи зарур.

Ўз навбатида, миллий қонунчилик билан бирга, хотин-қизларга оид халқаро ҳужжатлар ва конвенцияларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳам доимий эътиборимизда бўлади. Хусусан, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Меҳнат ва бандлик соҳасидаги камситишлар тўғрисида”ги конвенцияларининг ҳаётга татбиқ этилишини ҳар бир ҳудуд бўйича таҳлилий кўриб чиқиш ишларига киришишни режалаштирганмиз. Бу жараёнда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли органлари томонидан Ўзбекистонга берилган тавсияларидан самарали фойдаланиш бўйича тадбирлар белгиланган. 

— Бугун давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаблар давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини оширишни ҳам тақозо этади. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз. 

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар бир ташкилот олдига қўйилаётган талаблар ижросида хотин-қизлар фаоллиги ҳам муҳимдир. Чунки бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳаларда меҳнат қилаётган аҳолининг ярмини хотин-қизлар ташкил этади. 

Шу билан бирга, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг улушини ошириш ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Хусусан, депутатликка номзодлар кўрсатишда давлатимиз томонидан хотин-қизлар учун белгиланган 30 фоизлик квотани бевосита салоҳиятли раҳбар аёлларни тайёрлаш, жамият ҳаётида улар фаоллигини ошириш масаласига ҳам татбиқ этилиши мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун зарур шароитларни яратиш, турли соҳаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар салоҳиятини кучайтиришда бевосита қўмита фаоллигини кучайтириш зарур. 

Сиёсий партиялар фаолиятида ҳам хотин-қизлар иштирокини ошириш, бу орқали мамлакатимиз аёллари ҳаётидаги турли масалалар, жумладан, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳаларда ечимини кутаётган муаммоларни юзага чиқариш, бартараф этиш омилларидан самарали фойдаланиш ҳам 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида  олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.

— Жамиятимизда кўзга кўринган таниқли аёллар, хусусан, олима ва ижодкор аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам режангиздан ўрин олганми?

— Албатта, хотин-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, очилмаган қирраларини юзага чиқариш ва иқтидорларини тўла-тўкис намоён этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида ҳам изланмоқдамиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда фан доктори илмий унвонига эга бўлган хотин-қизлар сони 510 дан зиёдни, фан номзодлари — қарийб 5 минг нафарни, академик аёллар сони 6 нафарни ташкил этмоқда. 15 нафар фаол ва ибратли аёлларимиз давлатимизнинг энг нуфузли мукофоти —  “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

Ўз навбатида, биз аёлларимиздаги мавжуд салоҳият ва иқтидорни юзага чиқаришга кўмаклашиш, уларнинг бу имкониятларидан ўз ўрнида фойдаланишда асосий куч бўлишимиз даркор. Бунда, албатта, турли аёллар уюшмалари, ассоциациялар орқали ижодкор, олима аёлларимизни қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ва бой тажрибага эга бўлган, ўз касби сир-асрорларини пухта эгаллаган хотин-қизларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. 

Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимизнинг кейинги фаолиятини кучайтириш, мамлакатимиз кадрлар захирасини малакали мутахассислар билан бойитиш ҳам диққат марказимизда бўлади. Айни кунда бундай юксак мукофотга сазовор бўлган қизларимиз сони 240 нафарга етди. Уларнинг 54 нафари адабиёт, 73 нафари маданият, 47 нафари санъат, 24 нафари фан, 42 нафари таълим йўналишларидаги ютуқлари учун ушбу мукофотга сазовор бўлган. Совриндорлар орасида фан номзодлари, турли соҳаларда етакчилик қилаётган қизлар ҳам бор. Уларнинг 20 нафарга яқини Президент, Навоий, Ибн Сино стипендиялари совриндорлари, 44 нафари спортнинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионларидир. 

Умуман айтганда, оқила, меҳрибон, фидойи опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан мамнун бўлиб яшашларини кафолатлаш, уларнинг оиладаги ўрни, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш борасида Президентимиз томонидан бизнинг олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш, бунда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ижтимоий шериклик муносабатларига таянган ҳолда фаол иш олиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Айниқса, қизлар — бўлғуси оналарнинг юксак маънавиятга, етарли билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш ишларига янада жиддийроқ ёндашишимиз зарур. Албатта, буларнинг барчаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.   

“Халқ сўзи” мухбири
 Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди. 
 

Кун янгиликлари
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 54039 Жамият
Олти йил фалажликда: фарғоналик она қисмати аслида қандай бўлган эди?
15:46 / 15.08.2017 65771 Жамият
Президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзлари яна нотўғри талқин қилинди
15:15 / 15.08.2017 161519 Жамият
Тошкентдаги янги халқаро мактаб ва болалар боғчасига қабул эълон қилинди
11:17 / 15.08.2017 27105 Жамият
Россияда террорчилар учун асосий нишон нима экани айтилди
18:26 1124 Жаҳон
Сурия АҚШ ва Британияни террорчиларга заҳарли моддаларни етказиб беришда айблади
18:24 283 Жаҳон
Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилди
Самарқандда ногиронлик нафақасига чиқариш учун 300 доллар сўраган шифокор ўз уйида қўлга олинди
18:11 989 Жамият
Бизнес-омбудсман президент девонида жойлаштирилади
Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув
18:09 1519 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар