Франция  шу кунга қадар мустақил сиёсат олиб борган ва у АҚШ янги маъмуриятининг кўрсатмаларига муҳтож эмас. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро Europe1 радиостанцияси эфирида ана шундай баёнот билдирди. 

"Франция АҚШнинг кўрсатмаларига муҳтож эмас. Франция мудофаа соҳасида ўз сиёсатига эга, мустақил ташқи сиёсат юритувчи мамлакатдир. Шунингдек у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади", - деди вазир. У Париж ва Вашингтон "бир қатор масалаларни муҳокама қилишига тўғри келиши, бироқ АҚШнинг агрессив позицияси олдинга ҳаракатланиш ва икки мамлакат ўртасида нормал муносабатлар йўлга қўйилишига имкон бермаслиги"ни таъкидлади. 

"Бизга кучли Европа керак, чунки ҳозир аста-секинлик билан халқаро муносабатларнинг янги тизими шаклланмоқда", - деди Эйро ва Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари АҚШ билан муносабатлар қандай бўлиши кераклигини муҳокама қилиб олиши кераклигини айтди. 

Франциянинг АҚШ ва Россия билан муносабатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Жан-Марк Эйро шундай деди: "Трамп Россия билан альянс яратиш ҳақида гапирганида мен унинг қандай қилиб тез орада бунга эришмоқчи эканини тушуна олмайман. Рўй бераётган воқеалар қандайдир сериал эмас, реал сиёсатдир. Энди Трамп мамлакат бошқаруви билан шуғулланишига тўғри келади, бу эса осон иш эмас", - деди француз сиёсатчиси.