АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси муносабати билан бир неча динлараро маросимга таклиф қилинган имом, ўзига берилган имкониятдан ажойиб тарзда фойдаланган. У АҚШнинг 45-президентига Қуръон оятларидан тиловат қилишга қарор қилган. Бу ҳақда, ilmfeed.com сайти хабар қилмоқда.  

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп сайловолди кампанияси, Америка сиёсатшунослари томонидан мексикаликлар, лотин америкаликлар ва мусулмонлар шаънига нисбатан кескин фикрлар билдирилган кампания сифатида баҳоланди. 

Имом Муҳаммад Магид, ўзига тақдим этилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, президент Дональд Трамп, унинг оиласи ва вице-президент Майкл Пенс ҳамда бошқалар қаршисида Қуръони Каримнинг:

Ҳужурот сураси 13 ояти:

“13 . Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ушбу ояти каримада «Эй одамлар !» деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.)

ҳамда Рум сураси 22 оятини:

“22. Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир”. (Инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир.) 

тиловат қилиб, уларнинг маънолари таржимасини тингловчиларга сўзлаб берган. (Қуръони Карим оятлари маънолари таржималари http://www.quran.uz/ сайтидан олинди).