Қиёмат кунида мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан-да оғирроқ нарса бўлмас

Жамият 28 Январь 2017 18074

Ислом дини одоб-ахлоққа шунчаки муомала маданияти сифатида эмас, балки гўзал ахлоқ соҳиби улкан ажру савобларни қўлга киритадиган ибодат сифатида қарайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни қиёматда бандалар ўртасидаги бир-биридан тафовут қилувчи афзалликнинг асоси қилиб белгиладилар ва: “Охиратда Менга энг маҳбуб ва энг яқин бўладиганингиз хулқи энг яхшиларингиздир. Охиратда менга энг ёқимсиз ва мендан энг узоғингиз эса хулқлари энг ёмонларингиздир ва эзма вайсақилар, мутакаббирлар ва (оғзини тўлдириб, лабини буриб) такаббурона сўзловчилардир”, – дедилар. Имом Термизий ривояти.

Шунингдек, у зот алайҳиссалом Қиёмат куни савоб ва гуноҳлар тортиладиган мезондаги энг оғир нарса ҳам ҳусни хулқ эканини айтдилар.“Қиёмат кунида мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан-да оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ қўпол ҳамда фаҳш сўзларни сўзловчи кимсани ёмон кўради”. Имом Термизий ривояти.

Чиройли хулқ учун бериладиган ажр рўза ва тунги намозлар каби асосий ибодатларга бериладиган ажр кабидир. “Албатта, мўмин киши ўзининг гўзал хулқи билан кундузи рўзадор, кечаси (ибодатда) бедор кишилар даражасига етади”. Имом Абу Довуд ривояти.

Гўзал хулқнинг улуғланиши шу даражага етдики, у жаннатга киришнинг асосий сабабларидан бири этиб белгиланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни жаннатга энг кўп нима киритиши ҳақида сўрашганида “Тақво ва гўзал хулқ”, – деб жавоб бердилар.

Бошқа бир ҳадисда эса Набий алайҳиссалом яхши хулқ соҳибига жаннатнинг энг юқорисидан жой ваъда қилганини айтганлар. “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишувни тарк қилган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман”. Имом Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун, аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг султони, қолган аъзолар эса унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган  аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади.
Ахлоқ илми уламолари одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш пайтида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, – деганлар. 

Аллоҳ таоло инсонни хушсурат ва гўзал қилиб яратган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда ҳам яққол намоён бўлади. Энди, инсон хилқати ва сурати чиройли бўлганидек ўзининг сийрати ва хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу борада ҳам инсонлар учун гўзал намуна бўлган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қалам” сурасининг 4-оятида шундай марҳамат қилади: “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”. Олимлардан бири айтади: “Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлашни ирода қилганида у кишининг насл-насаби ёки молу давлати билан васфламади. Балки, “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” – деди. Бас, шундай экан, билингки, сизнинг қийматингиз хулқингиз биландир!”.  

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Кўпроқ янгиликлар