Ироқ АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп томонидан жорий этилган иммиграцион сиёсатга қарши қандайдир чоралар кўришни режалаштирмаган. Бу ҳақда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий маҳаллий телевидение орқали айтиб ўтди.

"Ироқ ҳукумати америкаликлар маъмуриятининг ироқликларни АҚШ ҳудудига киритмаслик бўйича қарорига жавобан америкаликларга нисбатан шундай тақиқ қўлламоқчи эмас", деган вазир "Ар-Рафидейн" Стратегик тадқиқотлар маркази ходимлари билан учрашув чоғида.

Бош вазир аниқлик киритишича, "Дональд Трампнинг позицияси бўйича ҳеч қандай қарши чора кўрилмайди".

Шу билан бирга у "Трампнинг қарори туфайли америкаликларни ироқликларнинг душмани сифатида қабул қилиш керак эмаслиги"ни таъкидлаб ўтган.

Унинг бу чиқишидан олдинроқ ироқлик депутатлар ҳукуматдан Трампнинг бу қарорига худди шундай чекловлар жорий этиш орқали жавоб қайтаришни талаб қилиб чиқишганди.

Трампнинг 27 январда имзолаган фармони 7та мусулмон давлат: Эрон, Ироқ, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан фуқароларига тегишлидир.

28 январь куни Қоҳира аэропортида Трампнинг фармони сабаб Ироқ ва Яман фуқаролари Нью-Йоркка учадиган самолётга чиқарилмади.

Трамп АҚШга кириш тартибини кучайтирди