Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси жисмоний имкониятлари чекланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар орасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш орқали имконияти чекланганларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, ҳаётга қизиқишини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида инсонпарварлик фаолиятини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)дa бўлиб ўтадиган XXXI  ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш» қарори бунда муҳим омил бўлган. Бунинг самарасида паралимпия спортчиларимиз халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда, Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси жорий йилнинг 1 февраль куни соат 16:00да Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг мажлислар залида Бош Ассамблеясининг навбатдаги ҳисобот-сайловини ўтказди. Бунда 2013-2016 йиллар давомида Ассоциация томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди ҳамда Ассоциация раҳбарияти ва Ижроия қўмитаси таркиби сайланди. 

Сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси этиб Улуғбек Суннатов, унинг биринчи ўринбосари этиб Умид Аҳмаджонов сайланди. Ассоциация раиси ўринбосарлари вазифасини, шунингдек, Баҳодир Аҳмедов, Асатилла Салимов ва Мухторхон Тошхўжаев бажаради.