MySmartPrice сайти ва ишончли маълумотлари билан танилган @OnLeaks Twitter-аккаунти юритувчилари Samsung компаниясининг ҳали эълон қилинмаган янги мобил қурилмалари видеоси билан бўлишишди. 

Видеода икки модель намойиш қилинган — Galaxy S8 ва Galaxy S8 Plus — шиша-металл дизайнда бажарилган, экран бурчаклари қайрилган, Iris сканер, USB Type-C порти, аудиокириш ва бармоқ излари сканери билан таъминланган. 

Чап ёнида қувват ва овоз созлаш тугмаси жойлашган, ўнг ёнида эса - яна бир клавиш (тахминларга кўра, янги овозли ёрдамчи Bixby'ни чақириш учун). 

Бундан аввал тарқалган миш-мишларга қарама-қарши ўлароқ, Samsung смартфонларининг ҳеч бири икки камерали тизимга эга эмас. Асосий камера - 12 Мп, селфи-камера - 8 Мп бўлиб, QHD-видео ёза олади.